Ҳаёт мактабидан сабоқ олиб...
Сурхондарё - мамлакатимизнинг бетакрор, гўзал гўшаларидан биридир. Бу ерларни қиш фаслида ҳам яшиллик тарк этмайди. Ўлкамизнинг ноёб дурдонаси ҳисобланган, қадимий илм-фан-маданият ва маърифат ўчоғи, буюк даҳолар бешиги бўлган Термиз шаҳрининг таърифи жаҳон аҳлининг ҳайратига-ҳайрат қўшмоқда. Мана шу қадимий, табаррук шаҳар мустақиллик йилларида, айниқса сўнгги йилларда ҳозирги замон шаҳарсозлиги талабларига мувофиқ замонавий меъморчилик-қурилиш услублари асосида бошдан-оёқ янгидан қурилмоқда ва янгича қиёфа касб этмоқда. Лойиҳа бўйича шаҳарни янгилаш 2030 йилгача давом этади.
Мана шу бетакрор гўзал шаҳарда, Жанубий-Ғарбий ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмларда бизнинг туманимиз ёшларидан бир қанчаси муддатли ҳарбий хизматларини намунали адо этмоқдалар. Мана шундай ибратли ҳарбий хизмат қилаётган ёшаскарлардан бири - тўлқинлик Одилбоев Азамат Фарҳод ўғлидир. У бу ерда ўтган 2013 йил 25 февралдан буён махсус ҳарбий қисмда замонавий ҳарбий ахборот-алоқа технологиялари тармоғида хизмат қилиб келмоқда. У бу ерда хизмат қилиш жараёнида ҳарбий интизомга ва тезкор ишлашга кўникма ҳосил қилиб, иродаси янада мустаҳкамланди. Иккинчидан, замонавий ахборот алоқа технологияларини босқичма-босқич ўзлаштиришга эришди. Бу эса келгусида шу соҳа бўйича олий ўқув даргоҳларида ўқишга кириб етук мутахассис бўлиб етишишга замин ҳозирлайди.
- Муддатли ҳарбий хизмат менга жуда кўп нарсаларни берди. Мен учун армия хизмати улкан ҳаёт мактаби бўлиб қолди. Бу эса менинг навбатдаги мустақил ҳаётимда жуда қўл келишини чуқур англаб ва тушуниб турибман. Ишончим комилки, бу йил ёзда Тошкент ахборот технологиялари университетига ўқишга кириб, соҳа бўйича етук мутахассис бўлиб етишаман, - дейди қаҳрамонимиз Азамат Одилбоев телефон орқали боғланганимизда.
Азаматнинг ўзига ишонч билан гапиришида жон бор. Чунки у муддатли ҳарбий хизматни ўташ жараёнида мураккаб ҳарбий алоқа технологиялари билан ишлаш ва зарурат туғилганида бу технология ускуналарини таъмирлаш сирларини пухта эгаллади, қисм қўмондонлигининг назарига тушди.
Биз унга қадаминг шахдам, эзгу орзу-ниятларинг ушалаверсин, деб қоламиз.
Қобул ШОМУРОДОВ.
(Фото - uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶