ОИТСга қарши курашиш янги қонун билан ҳам тартибга солинади
Маълумки, ижтимоий касалликлар қаторида ОИВ ва ОИТС хасталиги тобора авж олиб бораётган глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Ушбу касалликнинг олдини олиш борасида мамлакатимизда ҳам бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда. 2013 йил 23 сентябрь куни кучга кирган "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўз-бекистон Республикасининг Қонуни ҳам шулар жумласидандир.
Қонунда ОИВ инфекцияси тар-қалишига қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб қўйилган. Шунинг билан бирга, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасида давлат бошқаруви, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги Вазирлар Маҳкамасининг, Ўзбекистон Рес-публикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг, Ички ишлар вазирлигининг, ва Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари тўлиқ белгилаб берилган.
Қонунга мувофиқ ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш ихтиёрий, мажбурий ва ғайриихтиёрий равишда амалга оширилади.
Қон, биологик суюқликлар донорлари, эллик ёшгача бўлган никоҳланувчи шахслар, ҳомиладор аёллар, инъекция орқали гиёҳвандлик воситаларини истеъмол этишда гумон қилинаётган шахслар, ОИВни юқтириб олган оналардан туғилган болалар, ўз фаолиятида қон, биологик суюқликлар, одам органлари ва тўқималари билан ишловчи тиббиёт ходимлари ва жинсий шеригида ОИВ аниқланган шахслар мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказилиши кераклиги белгиланган.
Ғайриихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширувдан ўтаётган шахснинг розилигисиз ёки қону-ний вакилининг розилигисиз суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарорига ёки суд ажримига кўра амалга оширилади.
Қонунда ОИВни юқтириб олганларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг ҳуқуқлари чекланишига йўл қўймаслик каби чоралар белгиланган.
Қабул қилинган мазкур қонун ОИТС хасталигига чалинган беморларнинг ҳуқуқлари қонуний ҳимоя қилинишига, касаллик тарқалиши бўйича эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланишига ҳамда унга қарши курашиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Икром ЙЎЛДОШЕВ,
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, туман Тиббиёт бирлашмаси кардиология бўлими мудири.
(Фото - uzbekistonovozi.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶