Масъуллар томонидан ичимлик суви ҳолати ўрганилди
Сув – инсон ҳаёти ва саломатлиги учун энг муҳим табиий неъматлардан бири. У нафақат кундалик эҳтиёжлар учун зарур, балки мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқлари, айниқса, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳалари учун ҳам стратегик аҳамиятга эга. Шу боис сўнгги йилларда Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, унинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда истеъмолини ҳисобга олишнинг замонавий инновацион тизимларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ичимлик суви орқали юқадиган касалликлар бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонларнинг ҳаётига таъсир кўрсатади. Шу сабабли, Ўзбекистонда ҳам ичимлик суви сифатига бўлган эътибор тобора кучайиб, унинг миллий ва халқаро стандартларга мувофиқлиги устидан қатъий назорат ўрнатилмоқда.
2025 йил 21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан қабул қилинган қўшма қарорга кўра аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сувининг сифати бўйича мониторинг ўтказиш тартиби белгиланган эди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 25 март куни Амударё туманида ичимлик суви сифатини таҳлил қилиш ва назоратдан ўтказишга қаратилган мониторинг тадбири ўтказилди. Текширув жараёнида Намуна маҳалласи ҳудудидаги сув олиш ва узатиш иншоотлари кўздан кечирилди.
Мутахассислар аҳоли хонадонларидан сув намуналарини олиб, уларни физик-кимёвий ҳамда микробиологик таҳлилларига кўра, ичимлик сувининг давлат санитария нормалари ва стандартларига қанчалик мос экани баҳоланди.
Ичимлик суви сифатига оид мониторинг тадбирлари мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, шу билан бирга, аҳоли саломатлигини яхшилашга қаратилган муҳим ташаббус ҳисобланади. Келгусида сувни тозалаш ва таъминот тизимларини янада такомиллаштириш, унинг сифати устидан назоратни кучайтириш ҳамда соҳага замонавий лаборатория ускуналарини кенг жорий этиш орқали истеъмолчиларга етказиб берилаётган ичимлик суви сифатини янада яхшилаш кўзда тутилган.
Ичимлик сувининг сифатли ва хавфсиз бўлиши – нафақат инсон саломатлиги, балки мамлакат экологияси ва иқтисодиёти учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶