Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг ўттизинчи сессияси тўғрисида АХБОРОТ
2017 йил 6 март куни халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 30-сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қорақалпоғистон Республикасидан сайланган депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари Отажон Ҳамроев, Жўқорғи Кенгеснинг тумандан сайланган депутатлари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.
Сессия кун тартибига "Амударё туманида ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари тўғрисида”ги масала киритилди.
Ўрганишлар натижалари шуни кўрсатдики, туманда мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида олиб борилган амалий ишлар натижасида 2016 йилда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 179,5 млрд. сўмни ташкил қилиб, 2015 йилга нисбатан 116,5 фоизга, халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 83,3 млрд. сўмни ташкил қилиб, 107,0 фоизга ошган.
Тижорат банклари томонидан 2016 йилда кичик бизнес субъектларига 46 млрд. 85 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган. Натижада 4858 дан зиёд иш ўринлари яратилган.
Сессияда эришилаётган натижалар билан бирга аҳолининг ижтимоий ҳаётини яхшилаш борасида ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигига эътибор қаратилди.
Хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида камчиликлар мавжудлиги қайд этилди.
Депутат ва сенаторлар ташрифида бошқа вазифалар қаторида, соғликни сақлаш соҳаси чуқур таҳлил этилди. Чунончи, тиббиёт муассасаларининг бирламчи бўғини — қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ва дори-дармон воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш масалалари бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда.
Сессияда барча жабҳада қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни, шунингдек, прокуратура, ички ишлар ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарларининг халқ олдидаги ҳисоботларини эшитиш тизимини такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди.
Бунда халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятини такомиллаштириш, депутатларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини, партия гуруҳлари, доимий комиссияларнинг ташаббускорлигини ошириш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди. Тумандаги ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларни Кенгаш йиғилишларида тизимли равишда муҳокама қилиб бориш, депутатлик назоратини кучайтириш айни зарурат эканлиги қайд этилди.
Сессияда муҳокама қилинган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Туман ҳокимлигининг
ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶