21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳисобот концерти бўлиб ўтди
Айни кунларда болалар мусиқа ва санъат мактабларида 2023-2024 ўқув йили якунлари бўйича ҳисобот концертлари бўлиб ўтмоқда. Анъанавий тарзда ўтказиладиган мазкур маданий, бадиий-мусиқий тадбирда санъатсевар ўқувчи-ёшлар ўқув йили давомида ўз йўналишлари бўйича эгаллаган билим ва кўникмаларини, шу баробарида турли кўрик-танловларда қатнашиш орқали эришган ютуқларини намойиш этишади.
Амударё туманининг Қипчоқ шаҳарчасида жойлашган 21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби санъатсевар ёшларининг ўқув йили якунига бағишланган ҳисобот концерти ҳар йилгидан ҳам жўшқинлик билан ўтди ва нафақат уларнинг устозлари, балки ота-оналар ҳамда ҳудуд аҳолиси учун ҳам олам-олам завқ бағишлади.
“Мусиқа ифорларига йўғрилган ютуқлар” деб номланган ҳисобот концертини мазкур мусиқа ва санъат мактаби директори Аҳмаджон Жумабоев очди ва тадбир иштирокчилари бўлган ота-оналарни, ҳудуддаги умумтаълим мактабларидан ташриф буюрган санъатсевар ёшларни ўқув йилининг муваффақиятли якуни ҳамда 21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг мазкур ўқув йилида эришган ютуқлари билан самимий табриклади.
Дарвоқе, мактаб ўқувчилари якунланган ўқув йили давомида қувонарли ютуқларга эришдилар. Хусусан, жорий йилнинг 17 май санасида Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиалида бўлиб ўтган "Жайхун тўлқинлари" халқ чолғулари Халқаро фестивалида мактабнинг халқ чолғулари оркестри жамоаси Қорақалпоғистон Республикасидаги 24та жамоа орасида фахрли 2-ўринни эгаллади.
Шунингдек, якунланаётган ўқув йилида мактаб ўқувчиларидан 2-қашқар рубоб синфи ўқувчиси Оғабек Қозоқов “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли 1-ўринни, 2-дутор синфи ўқувчиси Исломбек Қозоқов эса 2-ўринни қўлга киритди. Бундан ташқари, Исломбек Қозоқов "Камалак юлдузлари" болалар ижодиёти кўрик-танловининг Республика босқичида 3-ўринни эгаллаб, совриндорлар сафидан муносиб жой олди.
Шундан сўнг, турли йўналишларда таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар ижросидаги концерт дастури томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Ҳисобот концерти дастуридан жой олган ўзбек ва қорақалпоқ мумтоз наволари, жаҳон мумтоз санъатининг дурдона асарлари, замонавий эстрада санъати ва анъанавий ашулачилик йўналишидаги дилбар куйлар маҳорат билан ижро этилди. Санъатсевар ёшларнинг ҳар бир чиқиши концертга ўзига хос жозиба бағишлади ва томошабинлар ҳар бир ижрочини олқишлар билан қўллаб-қувватлаб турдилар.
Ҳисобот концертида иштирок этган Амударё туман ҳокимининг ўринбосари Нодирбек Камолов туманимизда иқтидорли ёшлар камол топаётганини алоҳида эътироф этиб, 21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларига янги-янги ютуқлар тилади.
Ҳисобот концерти аввалида муассаса ўқувчилари томонидан тайёрланган ва ўқув йили давомида эришилган ютуқлар кўргазмаси орқали тадбир меҳмонлари тасвирий санъат, мусиқа, рақс ва анъанавий хонандалик йўналишларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшларнинг ўқув йили давомида эришган ютуқлари, орзу-интилишлари билан танишдилар ва ўз таассуротларини изҳор этдилар.
Ҳисобот концерти ҳақиқатдан ҳам ҳар бир қалбни мусиқий ифорларга чулғади.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶