Вояга етмаганларнинг қишки таътил кунларида қаровсиз қолишларининг олдини олиш мақсадида рейдлар ўтказилмоқда
Ички ишлар органлари томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда вояга етмаганларнинг қаровсиз ва назоратсиз қолишининг, ҳуқуқбузарликлар содир этишининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Амударё туманда аҳолининг умумий сони 203 минг 600 нафар бўлиб, шундан вояга етмаганлар 74 минг 200 нафарни ташкил қилади. Туман Ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психологлари болаларнинг ҳамда вояга етмаганларнинг қишки таътил кунларида қаровсиз қолишларининг олдини олиш мақсадида таътил кунларида жамоат жойларида рейдлар ўтказмоқдалар.
Рейдлар давомида вояга етмаганларнинг жамоат жойларида тунги вақтларда мақсадсиз юришлари, вояга етмаганлар меҳнатидан ноқонуний фойдаланиш ва бошқа ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.
Рейдларда ота-оналарга ҳам болалар билан боғлиқ кутилмаган вазиятларнинг олдини олиш, айниқса, агар улар катталар назоратисиз уйда қолдирилган бўлса, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича тавсиялар берилмоқда.
Маълумот тариқасида айтиш керакки, дунё миқёсида содир этилаётган жиноятларнинг ўндан бири ҳали вояга етмаган болалар ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига катта эътибор қаратилмоқда.
Ўтган 2021 йил давомида вояга етмаганлар ишлари бўйича Амударё тумани идоралараро комиссиянинг 12 та мажлиси ўтказилган бўлиб, уларда вояга етмаган ўқувчиларнинг таълим олиши, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш юзасидан жами 12 та масалалар кўрилган.
Комиссия мажлисларида 94 та ишлар кўрилган бўлиб, уларнинг 10 тасини ҳуқуқбузарлик ва ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этган вояга етмаганларга нисбатан кўрилган ишлар, 1 тасини таълим муассасаси машғулотларига сабабсиз келмаган ёки мунтазам равишда қатнашмаётган вояга етмаганларга нисбатан кўрилган ишлар ва 83 тасини вояга етмаганларни таълим муассасаси ўқувчилари сафидан чиқариш ҳақидаги ишлар ташкил қилган.
Ўтган йил давомида вояга етмаганларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддаси 1-қисми, яъни ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиш ҳолатлари бўйича жами 10 та ишлар кўрилган.
Комиссия томонидан вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасаларда 5 та, таълим муассасаларида, маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт муассасаларида 5 та текширишлар ўтказилган.
Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятини тушунтириш, улар билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари бўйича 32 та давра суҳбатлари, 36 та йиғилишлар ўтказилиб, оммавий ахборот воситаларида 8 марта чиқишлар қилинган.
Амударё тумани Ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психологлари томонидан ўтказилаётган рейд тадбирлари ҳам вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶