УСТОЗГА ЭҲТИРОМ ВА ҲУРМАТ – ОНА ВАТАНГА, КЕЛАЖАК АВЛОДЛАРГА ЭҲТИРОМДИР
Инсоният пайдо бўлибдики, ҳаёт деб аталмиш улкан карвонга сарбонлик қилгувчи, одамларга тўғри йўлни кўрсатиб, меҳри, илм-у зиёси билан маънан юксаклик сари етакловчи зот – устоз даҳосига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади. Ана шу зотнинг ўгит ва насиҳатларига амал қилиш орқали инсон орзу-умидларини амалга оширишга интилади. Чунки фақат устозларгина шахснинг камолоти йўлида ҳамиша ўзларини сафарбар қилиб яшайдилар.
Амударё туманидаги 23-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Минг эҳтиром ўғлингиздан, қизингиздан, устозлар!” деб номланган маънавий-маърифий мусиқий тадбирда келажак авлодлар таълим-тарбиясининг жонкуярлари – бутун онгли ҳаётини ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб вояга етказишдек шарафли вазифага бағишлаган фидойи устозларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.
Тадбирни мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилором Раҳимова очди ва учрашувга таклиф қилинган фахрий ўқитувчилар ва мактаб педагогика жамоасини октябрь ойидаги бири-биридан файзли ва шарафли байрамлар – Ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳамда 21 октябрь – она тили байрамлари билан чин дилдан табриклади.
Таъкидланганидек, устозлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва умрбоқий меросни яратиш, уни халқимизга, ёш авлодга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб келаётган меҳридарё улуғ инсонлардир. Устозлар яратадиган улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бебаҳо, ўлмас мерос эса яхши тарбиядир. Мактаб директорининг ўринбосари халқимиз учун устозларга эҳтиром ва ҳурмат – она Ватанга, келажак авлодларга буюк эҳтиром намунаси сифатида миллий қадриятга айланганини мамнуният билан қайд этди.
Тадбир давомида мактаб директори Орифжон Юсупов даврада жам бўлган фахрий устозлар ва мактаб педагогика жамоасига ўзининг байрамона табригини изҳор этиб, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий-маънавий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг илм сирларини мукаммал эгаллашлари йўлида ҳамжиҳатлик билан амалга ошираётган ишларида муваффақиятлар тилади.
Шундан сўнг нафақадаги устозлар Ўктам Матсафоев ва Ҳабибахон Маъмуровалар мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасига қаратилаётган эътибор, соҳа ходимлари ва ўқувчи-ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар хусусида сўз юритишиб, ўқитувчи-мураббийлар мақоми юксалиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонуний асосларда мустаҳкамланганини мамнуният билан таъкидладилар. Айниқса, нафақадаги фахрий ўқитувчиларнинг дам олишлари, сиҳатгоҳларда саломатликларини мустаҳкамлашлари учун яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар ўқитувчи ва мураббийлар ҳаётига янгича мазмун бахш этганини алоҳида эътироф этдилар.
Тадбирда мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган мусиқий дастур ҳам намойиш этилди. “Минг эҳтиром ўғлингиздан, қизингиздан, устозлар!” деб номланган маънавий-маърифий ва мусиқий дастурдан жой олган устозларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати ҳақида ҳикоя қилувчи саҳна кўринишлари, устоз ва шогирд ўртасидаги абадий меҳр-оқибат ришталари ҳамда ўқитувчи ва мураббийларни шарафловчи куй-қўшиқлар, дилрабо рақслар тадбир иштирокчиларига завқ-шавқ бағишлади.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶