Туманимизда ғалладан бўшаган далаларга такрорий экин экиш тадбирлари бошланди
Айни кунларда туманимизда ғаллани нест-нобуд қилмай ўриб-йиғиб олиш ишлари қизғин давом этаётган паллада далалар сомондан пешма-пеш тозаланиб, шудгор қилиниб, такрорий экинларни экиш тадбирлари ҳам бошлаб юборилди.
Такрорий экинларни экиш нафақат бозорларимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиради, балки ишсиз аҳолининг мавсумий бандлиги таъминланишида ҳам муҳим омил саналади. Мавсум давомида экилган сабзавот, полиз, дуккакли ҳамда чорва моллари учун озуқа экинлари кузги ҳосил даврида бозорларимиз тўкин-сочинлиги ва чорвага ихтисослашган фермер хўжаликларида мўл ем-хашак ғамланишида муҳим восита бўлади. Донишманд халқимиз азалдан қиш ғамини ёзда кўр, деб бекорга айтишмаган. Бугун серқуёш заминимизнинг ҳар қарич еридан самарали фойдаланиш орқали қиш пайти ва кейинги ҳосил пишиб-ютилгунга қадар хонадонларимиздаги фаровонликка, бозорларда нарх-наво барқарор сақланишига эришамиз. Зеро, такрорий экинларни экишнинг афзаллиги ҳам йил давомида халқимиз дастурхонига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксиз етказиб беришдан иборат.
Амударё туманида ўзига хос деҳқончилик мактабига эга бўлган намунали овул-маҳаллар кўп. Ана шундай меҳнаткаш деҳқонлар-у миришкор фермерлар истиқомат қилувчи манзиллардан бири, шубҳасиз Аёқчи маҳалласи ҳисобланади. Жорий йилнинг 19 июнь куни Аёқчи маҳалласи ҳудудидаги “Шерали Авезов” фермер хўжалигига қарашли бўлган дала-майдонларида такрорий экинлар экиш мавзусида семинар ташкил қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев, Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томарқа ер эгалари кенгаши раиси Илҳом Юнусов, туман ҳокимининг ўринбосарлари, тижорат банкларининг туман бўлими раҳбарлари, ҳудудий агрономлар ва соҳага масъул мутахассислар иштирок этишди.
Мутахассислар томонидан семинар иштирокчилари, фермер ва деҳқонларга такрорий экинларнинг аҳамияти ва ғалладан кейин бўшаган ҳосилдор далалар даромад манбаи эканлиги тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилиб, сифатли ҳосил етиштиришга оид зарур тавсиялар берилди. Шунингдек, мутасаддилар томонидан мамлакатимизда халқ фаровонлиги йўлида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ўширилаётган ислоҳотлар, соҳа ривожи йўлида қабул қилинган қонуний ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, аҳоли бандлигини таминлаш мақсадида берилаётган имкониятлар алоҳида батафсил маълумотлар берилди. Тижорат банклари тарафидан аҳолига минерал ўғит, кўчат ва уруғ харид қилиш учун 5 млн сўмгача 18 ой муддатга берилаётган кредит маблағлари деҳқонларимизнинг кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшиши шубҳасиз.
Бугунги кунда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларни янада қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ғалладан бўшаган экин майдонларидан 20 сотихдан ер ажратиб бериляпти. Деҳқонларга қулай тарафи шундаки, далалар фермерлар томонидан сомондан тозаланиб ва шудгор қилиниб, экишга тайёр ҳолатда топширилмоқда. Қолаверса, фермерларимиз экинларни сув билан узлуксиз таъминлашга кўмаклашишни ҳам ўз зиммаларига олишган. Энди ер эгалари мўл ҳосил олиш учун жавлон уриб меҳнат қилишсалар бас.
Аёқчи маҳалласида истиқомат қилувчи деҳқон ва фермерлар эртаки экин ва ғалладан бўшаган далаларга сабзи ва мош экиш орқали мўл ҳосил етиштириб, юқори даромад олишни мақсад қилишган. Миришкор фермерларимиз ва деҳқонларимиз сабзи экилган далаларнинг ҳар гектаридан 40 центнергача ҳосил олиш ҳаракатида ёзнинг иссиқ кунларига қарамай ҳалол меҳнат қилишяпти.
Семинар якунида туманимизга ташриф буюрган меҳмонлар экин далаларида меҳнат қилаётган деҳқонларимизга ҳормасин айтиб, ҳосил баракасига тилакдош бўлишди.
Шоҳзод Қурбонбоев

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶