“Баркамол авлод болалари” фестивалининг ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди
9 апрель куни Амударё тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан ташкил қилинган “Баркамол авлод болалари” номли фестивалнинг ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Айтиш керакки, Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактабининг 2024 йил 4 мартдаги буйруғига асосан шу йилнинг апрель ойида барча туман ва шаҳарлардаги “Баркамол авлод” болалар мактабаларида шу номдаги фестивалнинг туман босқичлари ташкил этилмоқда. Ушбу буйруқ асосида Амударё тумани “Баркамол авлод” болалар мактабида ҳам 1 апрелдан то 8 апрелга қадар фестивалнинг ўтказиш тартиби ва низом талабларига асосан 7 та йўналишда кўрик-танлов ва мусобақалар ташкил этилди.
“Баркамол авлод” болалар мактабида “Маданият ва санъат”, “Техник конструкторлик ва моделлаштириш”, “Ҳунармандчилик ва қўл меҳнати”, “Туризм ва экология”, “Олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов”, “Жисмоний тарбия ва спорт” ҳамда “Хорижий тиллар” йўналишлари бўйича фаолият юритаётган тўгаракларнинг аъзолари 7 та йўналишдаги мусобақа ва кўрик-танловларда ўз билим ва малакаларини синовдан ўтказдилар.
9 апрель куни туман Маданият маркази биносида фестивалнинг якуний қисми, яъни 7 та йўналиш бўйича ўтказилган кўрик-танлов ва мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган иқтидорли ва билимли ўқувчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Қадирбой Исмаилов ҳамда директор ўринбосарлари Темур Нажимов, Дилфуза Казаковалар ҳамда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ялғошбой Шомуратовлар иштирок этди. Шунингдек, “Баркамол авлод” болалар мактабининг Беруний тумани ва Нукус шаҳри мактаблари директорлари ҳам меҳмон сифатида қатнашдилар.
Фестиваль иштирокчилари дастлаб “Баркамол авлод” болалар мактаби тўгарак аъзолари томонидан тайёрланган кўргазма ва 7 кун давмида ташкил ўтказилган кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларнинг ижод намуналари билан танишдилар.
Сўнгра Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Қадирбой Исмаилов ҳамда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ялғошбой Шомуратовлар фестиваль тадбирини очиб берди.
Очилиш маросимидан сўнг мактабнинг турли тўгараклари аъзолари томонидан тайёрланган концерт дастури меҳмонларга намойиш қилинди.
Концерт дастури давомида 7 та йўналиш бўйича ўтказилган кўрик-танлов ва мусобақаларда ғолиб бўлган ўқувчиларни тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактаби директори ҳамда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ғолиб ўқувчиларга мактаб маъмурияти томинидан тайёрланган диплом ва эсталик совғаларини тантанали тарзда топширдилар.
1 ҳафта давомида ўтказилган кўрик-танловлар ва мусобақалар якунларига кўра “Маданият ва санъат” йўналишининг “Либослар дизайни” кўрик-танловида Чаросой Жуманиёзова, “Техник конструкторлик ва моделлаштириш” йўналишининг “Робототехника” кўрик-танловида Бекзод Ражабов, “Ҳунармандчилик ва қўл меҳнати” йўналишининг “Миллий каштачилик” бўйича ўтказилган кўрик-танловида эса Дилруз Чоршамовалар 1-ўринни қўлга киритишди.
“Туризм ва экология” йўналишида ўтказилган “Ландшафт дизайни” кўрик-танловида Муяссар Сейтбоева, “Олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов” йўналишининг “Ментал арифметика” бўйича ўтказилган кўрик-танловида Жавоҳир Эгамберганов, “Жисмоний тарбия ва спорт” йўналиши бўйича ўтказилган шахмат мусобақаларида Беҳрузбек Ҳайитжонов ҳамда “Хорижий тиллар” йўналишининг “Инглиз тили” бўйича ўтказилган мусобақаларида Юнусбек Исмоиловлар ғолибликни қўлга киритдилар.
Туманнинг турли овул ва маҳаллаларида яшовчи юзлаб иштирокчиларни қамраб олган мазкур фестиваль “Баркамол авлод” болалар мактаби ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг мактабдан ташқари таълим соҳасидаги билимларини янада мустаҳкамлаш каби мақсадларга хизмат қилгани билан ниҳоятда аҳамиятли бўлди.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶