БИР АСРЛИК ЗИЁ МАСКАНИ
Амударё туманидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактаби ташкил топганига бу йил бир аср тўлади. Ушбу таълим маскани 100 йилдан буён зиё тарқатиб, ёш авлодга таълим ва тарбия бериб, жамият корига ярайдиган, илмли ва етук инсонларни вояга етказиб келмоқда.
Мазкур таълим маскани ташкил қилинишининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Ўрта Осиёда миллий чегараланиш ўтказилган 1924 йил 27 октябрда, яъни 1924-1925 ўқув йилидан бошлаб, манғитлик Матниёзбойнинг уйида дастлаб бошланғич мактаб тарзида ташкил қилинган ҳамда унга “Намуна” деб ном берилган. Мактабда ўша пайтларда дастлаб Хўжаёз Афанди, кейинчалик Содиқ Матчонов деган инсонлар ўқитувчилик қилишган. Жангил Зиёддинова, Мадат Матназаров, Қурбонбой Жуманиёзов, Ҳайитбой Пўлатов, Раҳим Жуманиёзов ҳамда Камол Ниёзовлар ушбу мактабнинг дастлабки ўқувчилари бўлишган.
Кейинчалик 1932-1933 ўқув йилидан ушбу бошланғич мактаб 7 йиллик, яъни тўлиқсиз ўрта, 1938-1939 ўқув йилидан бошлаб, эса ўрта мактаб тарзида фаолият юрита бошлаган. Мазкур мактаб 1939 йилдан бошлаб, 1938 йилнинг апрель ойида вафот этган, ўша пайтдаги ёшлар ташкилоти, яъни ВЛКСМ Ўрта Осиё Бюроси Марказий Комитетининг 1-котиби бўлган Сергей Иванович Стрелковнинг номини абадийлаштириш мақсадида унинг номи билан атала бошлаган.
Таълим маскани Хоразм округи Манғит тумани бўйича ягона тўлиқсиз ўрта мактаб ҳисобланган. Шу сабабли ҳам туманнинг барча ҳудудларидаги бошланғич мактабларни тугатган ўқувчилар таълим маскани ётоқхонасида яшаб, ўқишни давом эттиришган. 1931 йилда эса ҳозирги 1-сонли ўрта мактабнинг 12 хонали биноси қурилиб, ишга туширилган. 1935-1936 ўқув йилида мактабнинг юқори синфи ҳисобланган 7-синфида 7 нафар ўқувчи таълим олган ва мазкур ўқув йилида ушбу мактабни 11 нафар ўқувчи битирган. Жумамурод Чоршамов, Йўлдош Худойберганов, Дўсчон Тожибоев, Кенжа Ниёзов, Қосим Хонбеков, Фотима Аҳмедова, Бика Тожибоева, Хадича Сарсенбоева, Муҳаммад, Зайнаб Асқарова кабилар мактабнинг дастлабки битирувчилари бўлишган.
Ушбу мактабда таълим олган ўқувчилардан фан докторлари, олим-у фозиллар етишиб чиққан. Физика-математика фанлари докторлари, профессорлар Мухтор Саидов, Амин Саидов, филология фанлари номзоди Аҳмад Ишаев, тарих фанлари номзоди Қурбонбой Собиров, филология фанлари доктори Пирмат Шермуҳаммедов, педагогика фанлари доктори Аҳмад Нурматов, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Ибодулла Оллаёровлар билан фахрлансак арзийди.
Туман тарихига муҳрланган ушбу мактабда 2014 йилдан ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаган бўлсам, 2022 йил июнь ойидан раҳбарлик фаолиятимни бошладим. Иш фаолиятимни дастлаб мактаб биноси таъмиридан бошладим. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг яхши, қулай шароитларда ўқиши, фаолият юритишлари учун имкон даражасида ҳаракат қилдим. Шу мақсадда 2023 йил апрель ойида “Open budget” лойиҳасида иштирок этиб, ғолиб бўлдик ва 1 млрд. 260 млн. сўм эвазига мактаб замонавий кўринишга келтирилди.
Бугунги кунда мактабимизда 84 нафар ўқитувчи салкам 800 ўқувчига таълим-тарбия бермоқда. Уларнинг 12 нафари олий, 34 нафари 1-тоифали ўқитувчилардир. “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонини олишга муяссар бўлган Аптабида Абдимурадова ёш авлодга қорақалпоқ тили фанидан сабоқ бериб келмоқда. Ундан ташқари, 20 нафарга яқин собиқ битирувчимиз ОТМларни аъло баҳоларга битириб, айни кунда шу даргоҳда ўқувчиларга таълим бермоқдалар.
Яқинда Президент соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловида мактабимиз инглиз тили фани ўқитувчилари фаол қатнашиб, 3-ўринни эгаллашди ва 50 млн. сўмлик сертификатни қўлга киритишди. Шунингдек, 2023-2024 ўқув йилида мактабимиз битирувчилари фан олимпиадаларида ҳам фаол қатнашишди. Фан олимпиадасида қорақалпоқ тили фанидан 11-“А” синф ўқувчиси Заҳро Раҳимбоева туманда 1-ўринни, биология фанидан Ҳилола Бозорбоева 1-ўринни эгалладилар. Инглиз тили фанидан туманда 3-ўринни эгаллаган ўқувчимиз Отабек Янгибоев эса Қорақалпоғистон республикаси босқичида қатнашиб, 1-ўринни қўлга киритди. Шу ўринда биз мактабимиз битирувчиси, таниқли спортчи “Токио – 2020” олимпиадаси иштирокчиси Шарофаддин Болтабоев билан ҳам ҳақли равишда фахрланамиз.
Собиқ битирувчиларимиз “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг спорт йўналишида 22-26 ёшлилар ўртасида ўтказилган енгил атлетика бўйича мусобақаларининг мамлакат босқичида қатнашиб, фахрли 1-ўринни эгалладилар. Уларнинг бу меҳнатлари самарали баҳоланиб, Спорт вазирлиги томонидан 270 млн. сўм ажратилди ва мактаб ҳудудига замонавий спорт майдончаси қурилди. Бу майдонча мактабимиз ўқувчилари ва мактабимиз жойлашган Навоий номли маҳалла ёшларининг бўш вақтларини самарали ўтказишга хизмат қилмоқда.
Бу, албатта, мактабимиз ютуқларидан бир парча, холос. Мен мана шундай тарихи ҳам, маънавияти ҳам намунали мактабда ўқиганимдан, ҳозирги кунда шу масканда фаолият юритаётганимдан, фидойи, меҳрли, аҳил жамоа билан ёш авлодга таълим-тарбия бераётганимдан, келажакка муносиб авлодлар вояга етказишга ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман. Бизнинг таълим масканимиз юртимиз довруғини дунёга танитишга қодир бўлган таниқли инсонларни улғайтиришда давом этади.
Дилрабо Шербаева, мактаб директори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶