ТАЖРИБА-СИНОВ МАКТАБЛАРИДА МАРКАЗЛАШГАН ҲОЛДА ЧОРАКЛИК СУММАТИВ БАҲОЛАШ ЖАРАЁНИ ЎТКАЗИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 майдаги «Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш борасида Амударё туманида ҳам изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Фармонга мувофиқ мактабгача ва умумий ўрта таълимни янги босқичга олиб чиқиш, унинг сифатини ошириш ҳамда таълим дастурларини такомиллаштириш мақсадида 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб, босқичма-босқич билимни баҳолашнинг янги тартибини жорий этиш ва унга кўра ўқитувчи томонидан ўқувчиларнинг ўтилган мавзуни амалиётда қўллай билиши, танқидий фикрлаши ва берилган материални таҳлил қила олиши каби кўникмаларини баҳолаш вазифаси белгиланган.
Ушбу фармонда берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг «Тажриба-синов мактабларида билимни баҳолашнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида»ги 2023 йил 16 августдаги буйруғига асосан Амударё туманидаги умумтаълим мактабларидан 3 таси, яни 18-, 36- ва 55-сонли мактаблар тажриба-синов мактаблари сифатида танлаб олинган. 1 ноябрь куни мазкур мактабларда билимни баҳолашнинг чораклик сумматив баҳолаш жараёни ўтказилди. Унда мазкур мактабларнинг директорлари, директор ўринбосарлари ва фан ўқитувчилари иштирок этдилар.
Тажриба-синов мактабларида марказлашган ҳолда ўтказилган чораклик сумматив баҳолаш жараёни 5-7-синфларда она тили ва адабиёт ҳамда математика, 8-9-синфларда она тили ва адабиёт, математика ва биология, 10-11-синфларда она тили ва адабиёт, математика ва кимё фанларидан, шу билан биргаликда 10-синфда танлов асосида она тили ва адабиёт, математика ва инглиз тили фанларидан амалга оширилди.
Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад янги баҳолаш тизимини жорий этишда мактаблар директорлари ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарларининг вазифаларини амалда кўрсатиб бериш, шу билан бирга чорак бўйича сумматив баҳолашнинг адолатли ва шаффоф ўтказилишини назоратга олишдир.
Чорак бўйича сумматив баҳолашларнинг ҳақиқатан Баҳолаш маркази томонидан тақдим этилган баҳолаш мезонларига асосланган материаллар асосида амалга оширилиши ва текширилиши маълумот сифатида айтиб ўтилди. Шунингдек, бундан мактаб метод бирлашма раҳбарлари ҳамда фан устозлари томонидан таҳлил қилиниши учун асосли тизимни ўрнатиш кераклиги таъкидланди. Натижада, тажриба-синов мактабларида 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич билимни баҳолашнинг янги тартиби жорий этилиб, унинг доирасида ўқитувчи томонидан ўқувчиларнинг ўтилган мавзуни амалиётда қўллай билиши, танқидий фикрлаши ва берилган материални таҳлил қила олиши учун замин яратилади.
Тажриба-синов мактабларида 2023-2024 ўқув йили 1-чорак якунларини чораклик сумматив баҳолаш махсус ишчи гуруҳлари раҳбарлари – 1-ишчи гуруҳ раҳбари Амударё тумани ихтисослаштирилган мактаби директори Отабек Йўлдошов, 2-ишчи гуруҳ раҳбари – шу мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Равшан Холмуродов, 3-ишчи гуруҳ раҳбари, шу мактабнинг маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Муяссар Раҳматуллаевалар томонидан амалга оширилди.
Ишонамизки, бу чоралар келгусида ўқувчиларнинг фанларни янада чуқуроқ ўзлаштиришларида муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶