СУВНИ КАМ ТАЛАБ ЭТАДИГАН ЭКИНЛАР ЭКИШГА ЭЪТИБОР КУЧАЙМОҚДА
Мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларининг ривожи кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалигига боғлиқ. Ўтган давр мобайнида қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, мамлакатимизда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва уни ривожлантиришга қаратилган қатор қонун ва қарорларнинг қабул қилиниши ҳудудларда қишлоқ хўжалиги соҳасига эътиборнинг кучайишига олиб келмоқда. Жумладан, мавжуд фермер хўжаликларининг барчаси кўп тармоқли шаклида фаолият юрита бошлагани бу фаолият турини юқори даражада ривожлантириш зарурлигини белгилайди
Республикада кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш билан бирга унинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Самарадорлик доимо долзарб ҳисобланиб, ишлаб чиқариш фаолиятининг иқтисодий юксалишини таъминлайди. Айниқса, бозор иқтисодиёти шароитида кам ресурс сарфлаган ҳолда мўл ҳосил ва даромад олишга қизиқиш янада ортиб бормоқда.
Амударё туманида ҳам ердан мўл ҳосил етиштириб, деҳқончилик маданиятини оширишга астойдил интилаётган, соҳада юксак натижаларга эришиб, ўз фаолияти билан барчага намуна бўлаётган фермер хўжаликлари кўплаб топилади. Тошёп овулида фаолият кўрсатаётган “Бекман Аллаберганов” кўп тармоқли фермер хўжалиги шуларнинг бири десак, адашмаган бўламиз.
Ер билан тиллаша оладиган, қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан тажрибага эга Илҳом Палвановнинг саъй-ҳаракатлари билан “Бекман Алламберганов” фермер хўжалиги нафақат овулда, балки, туманда деҳқончиликдан улкан даромад олаётган хўжаликлардан бирига айланди.
2003 йилдан буён фаолият кўрсатаётган кўп тармоқли хўжаликда маҳсулот етиштириш режалари ҳар йили барча йўналишлар бўйича ортиғи билан адо этиб келинмоқда.
Мазкур хўжаликда ҳозирги кунда 62 гектар экин майдони мавжуд. Сўнгги йилларда пахта, буғдой экилган майдонларнинг ҳосилдорлиги сезиларли даражада ошди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда деҳқончилик қилинадиган майдонларда сув танқислиги муаммоси тобора яққол намоён бўлаётир. Шуларни эътиборга олган ҳолда экин майдонларини сув тежовчи технологиялар ёрдамида суғориш ҳамда сувни кам талаб этиладиган экинларни экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Бекман Аллаберганов” фермер хўжалигида ҳам бу борада етарли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Сувни тежаш мақсадида экин майдонлари лазерли ускуналар билан текисланиб, далаларнинг маълум қисми сув тежовчи технологиялар ёрдамида суғорилмоқда. Буғдой ҳосили йиғиб олинган ерларнинг бир гектарида эса сувни кам талаб қиладиган мош маҳсулоти етиштирилмоқда.
Шунингдек, фермер хўжалиги далаларидан бирида интенсив боғ, узумзор ташкил этилган. Ҳозирги кунда ушбу майдонлардаги мош экини ҳосил тўпламоқда. Интенсив боғда эса олмаларнинг турли навлари ҳосили кўплигидан шохлари эгилиб турибди. Янгидан ташкил этилган бир гектарлик узумзор ҳам ҳосилга кира бошлаган. Тажрибалардан маълумки, узумзорлар ҳам сувни кам талаб қилади ва мўл даромад беради. Сув танқислиги шароитида бу деҳқонларга жуда қўл келади.
Фермер хўжалиги раҳбари бундан кейин ҳам сувдан унумли фойдаланишга катта эътибор қаратиб, сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонларни мунтазам равишда кенгайтириб боришни ният қилган.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶