БИРИНЧИ УСТОЗГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ
Мактаб – қутлуғ даргоҳ. Минг турфа ҳаяжон, ҳайрат ила шу даргоҳга қадам қўйган жажжи ўғил-қизларнинг эртага қандай инсонлар бўлиб вояга етиши уларга мактабдаги таълим бериш сифати-самарадорлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Оилада илк ҳаётий тушунчалари шаклланган бола мактаб таълимидан саводи чиқади, илм ўрганади. Уйғун тарбия ёш ниҳолсифат боланинг камолга етишини таъминлайди. Бунда албатта бошланғич таълимнинг ўрни жуда муҳим.
Умумий ўрта таълимнинг пойдевори ҳисобланмиш бошланғич таълимга илк қадам қўйган болада пойдеворнинг мустаҳкам бўлиши кўп жиҳатдан ўқитувчига боғлиқ.
6-7 ёшли бола мисли оқ қоғоз, унда нималар акс этиши оила тарбияси ва бошланғич таълим сифатига боғлиқ. Бошланғич таълим фани ўқитувчиси дастур бўйича ўқитиладиган барча фанларни чуқур билишидан ташқари, ўқитиш маҳоратига ҳам эга бўлиши талаб этилади.
Манғит шаҳридаги 16-сонли мактаб таълим самарадорлиги бўйича туманимизда кўзга кўринган намунали муассасалардан ҳисобланади. Мактаб ўқувчилари асосий фанлар олимпиадаларида, турли кўрик-танловларда иштирок этишиб, кўпгина ютуқларни қўлга киритиб келишмоқда.
Эришилаётган ютуқларда мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиларининг муносиб ҳиссалари бор. Шарофат Жуматова уларнинг бири. Тажрибали муаллима ҳар сафар 1-синфга болаларни қабул қилганида ота-оналар фарзандларини шу синфга жойлаштиришга интилишади.
Шарофат Жуматова табиатан меҳрли, кўнгли очиқ, болажон. У таълим бераётган синфи ўқувчиларининг пухта билим олишлари учун ғамхўрлик қилади, дарс жараёнида турли илғор педагогик технологияларни қўллаб, дарсига ўқувчилар эътиборини жалб қила олади. Шу боисдан ҳам таълим бераётган ўқувчилари бошланғич синфлардаёқ кўпгина ютуқларга эришиб, ўзлигини намоён этишади.
Маҳоратли муаллима 2019-2020 ўқув йилида мактабга илк қадам қўйган 31 нафар жажжи ўғил-қизларни қабул қилиб олган эди. Жорий ўқув йили якунида у 4 йил давомида фидойилик билан илк сабоқ берган ўқувчилари бошланғич таълимни тугатаяптилар.
Шу муносабат билан ўтказилган “Хайр, биринчи устозим!” номли маънавий-маданий тадбир барча иштирокчиларда ўчмас таассуротлар қолдирди. Тадбирга мактаб маъмурияти вакиллари, ўқитувчилар, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари иштирок этдилар.
Мактаб мажлислар хонаси байрамона безатилган. Бир ота-она фарзандларидай чиройли кийиниб, қўлларида гулдасталар тутиб саҳнага чиқиб келган ўқувчиларни ота-оналар, барча иштирокчилар – қарсаклар билан олқишлаб туришди. Уларни устози Шарофат Жуматова бошланғич таълимни тугатаётганликлари билан қизғин табриклади, келгуси ўқишларида муваффақиятлар тилади.
Бошланғич синф битирувчилари қўлларидан тутиб, ёзишни, ўқишни ўргатган, ҳар бирининг билимли, ақлли ва кучли бўлиб улғайишига ғамхўрлик қилиб, фидойилик билан таълим-тарбия берган устозига меҳри ва эҳтиромини шеърлар, қўшиқлар, рақслар билан изҳор этдилар.
Тадбирда иштирок этган ота-оналар Шарофат Жуматовага чексиз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Тадбирда даврада ўқувчилари тақдим этган гулдасталарни бағрига босиб ўтирган муаллима ҳам, барча иштирокчилар ҳам ўқувчилар тайёрлаган “Хайр, биринчи устозим!” номли мусиқий дастурдан улкан таассуротлар олдилар.
Ойгул Ражабова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶