ЗАРНИГОРАНИНГ ОРЗУЛАРИ
Бадиий гимнастика спортнинг аёл-қизлар шуғулланадиган энг нафис тури ҳисобланади. Ўз фарзандининг нафосатли, қомати чиройли, шу билан бирга соғлом бўлишини истаган ота-оналар қизларининг ёшликдан спортнинг айнан шу тури билан шуғулланишларига имконият яратишади.
Дўстлик маҳалласидаги туман Спорт мактаби филиалида ёш спортчилар учун кураш, дзюдо, стол тенниси каби спорт турлари қатори бадиий гимнастика гуруҳи ҳам ташкил этилган. Ёш мураббий Шаҳодат Ражабова машғулотларда 50 нафарга яқин қизларга тасма, копток, халқа, арғамчи каби буюмлар билан машқлар бажаришни, гимнастрада йўналиши ҳаракатларини ўргатиб келмоқда.
Шаҳодатнинг шогирдларидан бири Зарнигора Қадамбоева бадиий гимнастика спорт тури билан икки йилдан буён шуғулланиб келмоқда. У туманда ва республика миқёсида бўлиб ўтган турли мусобақаларда фаол қатнашиб, ғолибликни қўлга киритишга эришмоқда. Тенгдошлари орасида ўзининг эпчиллиги, чаққонлиги, киришимлилиги билан ажралиб турадиган, одоби билан ўрнак ҳам бўлиб келаётган ёш спортчи қиз Зарнигора Қадамбоева 64-сонли мактабнинг 5-синфида ўқийди. У мактабда ҳам энг аълочи ўқувчилар қаторида.
Нафис ҳаракатларни ўзига сингдирган спортнинг ушбу тури оилада якка қиз бўлган Зарнигорани ҳали жуда кичиклигидан ўзига ром қилган эди. Гимнастикачиларга хос ҳаракатлар, машқлар бажаришини, қўлига тушиб қолган тасмаларни чиройли шаклга келтириб айлантиришини кўрган онаси Наимахон Ражабова ҳам, дадаси Музаффар Жуманиёзов ҳам буни қизалоқларга хос бўлган шунчаки ўтиб кетадиган ҳавас деб қарашди. Аммо Зарнигоранинг қизиқиши асло сўнмади. Мактабнинг бошланғич синфини тугатганидан кейин эса туман Спорт мактаби филиалидаги ўзи севган бадиий гимнастика гуруҳи машғулотларига келиб шуғуллана бошлади. Қизиқиши, интилиши кучли бўлган Зарнигора машғулотларга тезда мослашиб кетди. Танаси эгилувчан, ҳаракатлари нафис ва эпчил бўлган қизалоқни мураббий дастлаб туман миқёсидаги мусобақаларга олиб чиқди. Кейинчалик у турли вилоятларда ўтказилган очиқ биринчилик чемпионатларида ҳам қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди.
Ютуқлардан руҳланган Зарнигора шу йил 6 мартда Тошкент шаҳрида ўтказилган Республика очиқ биринчилиги мусобақаларида ҳам 1-ўрин соҳибаси бўлиб, мураббийи ва ота-онасини қувонтирди.
Ёш спортчи қизнинг бадиий гимнастика бўйича тренер бўлиш ва жаҳон ареналарида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтаришдек улкан орзулари бор. Орзу ва мақсад, албатта, улкан марралар сари йўл бошлайди. Умид қиламизки, иқтидорли гимнастикачи Зарнигора ҳам шундай эзгу ниятлари ортидан бориб, Ўзбекистон гимнастикасини дунёга танитади.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶