Эпидемиологик барқарорлик таъминланмоқда
Мамлакатимизда санитария – эпидемиология муҳити барқарорлигини таъминлаш, юқумли касалликларнинг олдини олишга қаратилаётган доимий эътибор аҳоли саломатлигини асрашда муҳим омил бўлаётир. Айни кунларда бу йўналишдаги чора – тадбирлар янада кучайтирилмоқда. Ҳудудларда куйдирги касаллиги ва бошқа хавфли юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи табиий ўчоқлар устидан доимий кузтув ишлари амалга оширилмоқда. Тегишли идора, ташкилотлар, санитария – эпидемиология, ветеринария соҳаси мутахассислари иштирокида профилактика ва эпидемияга қарши чора – тадбирлар режаси қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Хусусан, Амударё тумани Фавқулодда эпидемияга қарши курашиш комиссиясининг “Туманда куйдирги ва зооноз ўта хавфли юқумли касалликлар четдан кириб келиши ва табиий ўчоқлар тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги масала юзасидан туман ҳокимлиги биносида мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда тегишли ташкилот ва корхона раҳбарлари, маҳалла раислари, туман тиббиёт бирлашмаси мудирлари, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари иштирок этишди. Хусусан, тиббиёт ҳодимлари ҳушёрлигини ошириш мақсадида жойларда малака ошириш машғулотлари, семинар-тренинглар, мажлислар ташкил этилмоқда. Бу каби жараёнларда ҳодимлар касалликнинг профилактикаси ва даволашнинг самарали усуллари юзасидан тажриба ва фикр алмашилмоқда
Куйдирги касаллиги – одамлар ва ҳайвонларда учрайдиган ўта хавфли ва юқумли касалликдир. Ушбу касалликларнинг асосий манбалари чорва моллари ҳисобланади. Шу боис профилактика чора-тадбирларини аввало чорва моллари ўртасида ўтказиш, ветеринария пунктлари ва лабораторияларининг салоҳиятини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Мажлисда сўзга чиққанлар куйдирги ва бошқа юқумли касалликларнинг инсонлар орасида учрашининг олдини олиш борасида санитария – эпидемиология соҳаси ва тиббиёт ходимлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида айтиб ўтишди.
Шунингдек, мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Санитария – эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қутлимуратов қатнашди ва ўз нутқида бундай муаммолар келиб чиқишининг олдини олиш ҳар бир инсондан тиббий маданият ва ўз саломатлигига эътиборли бўлишни талаб этади. Бунинг учун соғлом турмуш тарзига, санитария-гигиена қоидаларига тўла риоя этиш лозим.
Уйларда қорамол боқишда молхоналарни тоза тутиш, турли инфекцияларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик ҳаамда дезинфекция тадбирларини ўтказиш, ҳайвонларни йилига бир марта юқорида айтилган касалликларга қарши эмлатиш, ҳайвонларда бирор бир касаллик аломатлари кузатилганда дарҳол ҳудудий ветеринария хизматига мурожаат этиш кераклиги айтиб ўтилди.
Мажлис давомида куйдирги ва зооноз каби ўта хавфли юқумли касалликларнинг турларига кенг турда мисоллар келтирилиб, уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, мажлисда ушбу юқумли касалликларнинг зарарли томонлари тўғрисида тушунтириш бўйича чекка ҳудудларда ҳам тарғибот тадбирлари узлуксиз равишда ташкил этиш белгилаб олинди.
Бугунги кунда аҳолига қулайлик яратиш ва юқумли касалликларга қарши курашиш тадбирларини ўз вақтида ташкил этиш мақсадида ҳудудларда санитария – эпидемиология, ветеринария ходимлари, шифокорлар, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида махсус гуруҳлар тузилиб, ҳудудларда эпидемиологик ҳолатни барқарор сақлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу мажлисдан кўзланган мақсад юқумли касалликлар бўйича маълумот бериш, эпидемиологик барқарорликни таъминлашдан иборат.
Севара ИСМОИЛОВА, ҚДУ талабаси

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶