ҒАЛЛАЧИЛИК ДАРОМАДЛИ СОҲАГА АЙЛАНАДИ
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий самараларини бераётир. Ғаллачиликни ривожлантириш, истиқболли, серҳосил навларни экиш ва ҳосилдорлик ошишига эришиш деҳқонларимиз фаолиятининг асосий мезонига айланмоқда десак, адашмаган бўламиз.
Амударё туманида 2 та ғаллачилик кластери ташкил этилган бўлиб, уларнинг 6000 гектар ғалла майдони бор. 2022 йил ҳосили учун буғдой экилган бу далалардаги ғаллалар қиш мавсумига тўлиқ туплатиб киритилди ва минерал ўғитлар билан озиқлантирилди.
Ғалла майдонларидан юқори ҳосил етиштириш учун ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, навлар танлаб экилгани ўзининг натижаларини берди: барча майдонларда тўлиқ ниҳол ундириб олинди. Дала бошларига маҳаллий ўғит жамғарилиб, кўкламда буғдойзорларни шарбат усулида суроғиш учун ҳозирлаб қўйилди.
Туманимизнинг Оқ олтин овулида 16 та фермер хўжаликлари фаолият юритади. Уларнинг пахта, полиз ва сабзавот экин майдонларидан ташқари, 523 гектар ғалла майдонлари бор.
Ушбу майдонларга “Ёғду”, “Аср”, “Антонино” каби тезпишар ва ҳосилдорлиги юқори бўлган ғалла навлари экилган. Куз фаслида бир текис униб чиққан буғдой ниҳоллари озиқлантирилди, суғорилди. Натижада ниҳоллар мустаҳкам туплади.
Айни кунларда фермер хўжаликларда ғалла майдонлари бошига маҳаллий ўғит жамғариш, шарбат усулида суғориш учун хандақлар қазиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.
Овулнинг “Шомуродова Сайёра” фермер хўжалигининг 13 гектар ерига 2022 йил ҳосили учун ғалла экилган.
Ушбу майдонлардан юқори ҳосил етиштириш мақсадида умидли “Ёғду” нави экилган. Уруғлар униб чиққач, икки марта озиқлантирилди ва суғорилди. 3 нафар пудратчиларга бўлиб берилган ғалла майдонларига маҳаллий ўғит жамғарилиб, баҳорги суғоришга тайёр қилиб қўйилди.
Хўжалик ғалла майдонларини кўздан кечирган киши қишнинг изғиринли, қорли кунларида ҳам она заминимиз тафтидан куч олиб, барги сарғайса-да, туплари яшил ранг касб этиб турган буғдой майсалаларини кўриб, кўз қувонади.
Айни кунларда туманимизда 2022 йил ҳосили учун экилган далалардан мўл ҳосил етиштирилиши учун мавжуд 16 та биолаборатория, 2 та ўсимликлар клиникаларида буғдойзорларни касалликлардан ва зарарли ҳашаротлардан ва ёввойи ўтлардан ҳимоя қилиш мақсадида етарли миқдорда биомаҳсулотлар тайёрланмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ ички бозорни ғалла дони билан кафолатли таъминлаш мақсадида 2022 йилдан бошлаб республика ҳудудида тавсия этилган буғдой навларини хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ер-сув шароитларидан келиб чиқиб, мустақил жойлаштирадилар, 2022-2024 йилларда ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари етиштирган ҳосилнинг ғалла экилган ҳар гектар суғориладиган майдон ҳисобидан республика бўйича ўртача 2,5 тоннадан буғдойни эркин биржа савдолари орқали, қолган қисмини тўғридан-тўғри шартнома асосида эркин сотади.
Мазкур қарорда белгиланган кўпгина имтиёзлар туманимизда ҳам ғаллачиликнинг даромадли соҳага айланишида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶