Тўлқин овулида ғаллачилик ва боғдорчилик бўйича амалий семинарлар бўлиб ўтди
Амударё туманининг Тўлқин овули яна бир бор қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муҳим воқеаларга мезбонлик қилди. Бу сафарги тадбирлар қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни амалиётга жорий этиш ва 2026 йил ҳосилига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ташкил этилган бўлиб, у нафақат фермерлар, балки бутун туман қишлоқ хўжалиги тизими учун долзарб аҳамият касб этди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — Қишлоқ хўжалиги вазири Шуҳрат Тешаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тўлқин овулидаги “Амат Тўраев” фермер хўжалигида бўлиб, бу ерда 2026 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларининг ҳолати билан яқиндан танишди.
Семинар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланган режа-график асосида ўтказилди. Унда Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметов, Қишлоқ хўжалиги бўлими масъуллари, Агроинспекция мутахассислари, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси инспекцияси ходимлари, Фермерлар кенгаши вакиллари ҳамда фермерлар иштирок этди.
Мутахассислар томонидан экинлар ҳолати чуқур таҳлил қилиниб, куз-қиш мавсумида бажарилиши зарур бўлган агротехник тадбирлар бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. Хусусан, ғалла парваришини технологик кетма-кетлик асосида олиб бориш, ўғитлаш ва суғориш режимларини тўғри белгилаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашишнинг замонавий усулларини қўллаш, тупроқ унумдорлигини оширишнинг илмий асосланган йўналишлари муҳокама қилинди.
Бу кўрсатмалар фермерлар учун янги мавсумга сифатли тайёргарлик бўлиши билан бирга, ҳосилдорликнинг барқарор ўсишида ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Тадбирнинг иккинчи қисмида эса боғдорчилик йўналишидаги ўқув-амалий семинар ўтказилди. Унда боғ қатор ораларидан самарали фойдаланиш масаласи кун тартибидан ўрин олди. Мутахассислар тўқсонбости усулида экиладиган экин турлари, уларни парваришлаш талаблари, суғориш усуллари, тупроқни сақлаш технологиялари ва ҳосилдорликни ошириш йўллари бўйича батафсил маълумотлар беришди.
Семинар давомида боғлар кесимида амалий машғулотлар ташкил этилиб, қатнашчиларга қатор оралари учун мос экинларни танлаш, уларни ўз вақтида парваришлаш, агротехник тадбирларни тўғри бажариш, сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Семинар фермерлар билимини бойитиш, ҳосилдорликни ошириш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим тажриба майдони вазифасини бажариши шубҳасиз. Унда билдирилган фикрлар, берилган тавсиялар ва ўтказилган амалий машғулотлар 2026 йил ҳосили учун пухта замин яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Энг асосийси, бу жараёнлар қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш, фермер хўжаликларини янги билимлар билан қуроллантириш, ҳудудда самарали агротехнологияларни амалиётга татбиқ этиш каби устувор вазифаларга хизмат қилади.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶