“УМИД НИҲОЛЛАРИ - 2022” СПОРТ МУСОБАҚАСИНИНГ ТУМАН БОСҚИЧИ ЯКУНЛАНДИ
Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўқувчи-ёшлар ўртасида спортни ривожлантириш, уларни оммавий равишда жисмоний тарбия ва спортга жалб қилишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида ёшларимизнинг спортга бўлган қизиқишлари кундан кунга орта бориб, улар соғлом, иродаси мустаҳкам, ватанимизнинг содиқ фарзандлари бўлиб вояга етмоқда.
Республикамиз миқёсида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчи-ёшлари орасида ўтказилиб келинаётган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақалари ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Иштирокчилар учун байрам тусини оладиган ушбу мусобақа жорий йилда ҳам кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.
Шу кунгача ушбу мусобақанинг мактаблараро, ҳудудий босқичларида спортнинг 11 та тури яъни футбол, велейбол, баскетбол, гандбол, мини футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка, бадминтон, енгил атлетика, стритбол, кураш, спорт ва бадиий гимнастика турлари бўйича мусобақалар ўтказилиб, ғолиблар аниқланди. Мусобақалар 1-4, 5-6, 7-8 ва 9-11 синфлар ўқувчилари орасида ўтказилди.
Шу йилнинг 5-6 январь кунларида “Умид ниҳоллари - 2022” спорт мусобақаларининг 8 та ҳудудий ғолиблари орасида мусобақалари ўтказилди ва ушбу босқич ғолиблари туман босқичига йўлланмани қўлга киритишди. 7 январь куни “Умид ниҳоллари - 2022” спорт мусобақасиниинг туман босқичига старт берилди.
Шу куни туманимиздаги Болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 33- ва 16-мактаблар спорт залларида спортнинг стритбол, стол тенниси ва кураш турлари бўйича мусобақалар ўтказилиб, ғолиблар аниқланди.
Ушбу мусобақаларда қуйи босқичларда ғолибликка эришган маҳоратли ва эпчил 600 нафар ўқувчилар иштирок этишди. Шунинг 230 нафарини қизлар ташкил қилади. Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари Ўзбекистон “Ёшлик жисмоний тарбия ва спорт жамияти” Амударё тумани ҳудудий бўлинмасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
“Умид ниҳоллари - 2022” мусобақасининг туман босқичида ўзаро баҳс олиб бориб, рақибларидан устун келган жамоа ва ўқувчилар ушбу спорт мусобақасининг финал, яъни Қорақалпоғистон Республика босқичида қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритдилар.
Кейинги кунларда ушбу мусобақанинг спортнинг бошқа турлари бўйича туман босқичи баҳслари давом эттирилди. Юқори кайфиятда, ғолиблик учун астойдил интилиб, мактаби, яшаш ҳудуди спорт шарафини юқори кўтаришга интилаётган ўқувчи-ёшлар учун ҳаяжонли кунлар давом этиб, 10 январь куни мусобақалар ниҳоясига етди, спортнинг 11 та тури бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Ёшларда спортга бўлган ҳавас ва интилишни, жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини янада кучайтириш, ёш иқтидорли спортчиларни танлаб олиш, уларда профессионал маҳорат ва кўникмаларни ривожлантириш, спорт турлари бўйича мамлакат терма жамоаларига спорт заҳирасини тайёрлаш, ўқувчи-ёшларни спорт машғулотларига узлуксиз жалб этилишини таъминлаш мақсадида ҳукуматимиз қабул қилган қарорига кўра ўтказиб келинаётган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақалари иштирокчилар учун ҳақиқий спорт байрамига айланиб бормоқда, ёшлар ўзлигини намоён этадиган минбарга айланмоқда.
Севара Исмоилова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶