ҚИПЧОҚ ШАҲАРЧАСИДА “ҲОЖИ ЭШОН БОБО” ЖОМЕЪ МАСЖИДИ БИНОСИ ҚУРИЛИШИГА ТАМАЛ ТОШИ ҚЎЙИЛДИ
Юртимиздаги тинчлик, осойишталик ҳамда муқаддас динимиз, бебаҳо қадриятларимизни асраб-авайлашга бўлган давлат даражасидаги эътибор сабаб, муқаддас қадамжолар, масжидларимиз кўркам қиёфа касб этмоқда. Азиз авлиёлар, олим-у уламолар қўним топган зиёратгоҳ масканлар ободонлаштирилиб, зиёратчиларга шароитлар яратилмоқда.
24 июль куни Қипчоқ шаҳарчасидаги “Ҳожи эшон бобо” жомеъ масжиди биноси қурилишини бошлаш учун тамал тоши қўйиш маросими ўтказилди. Маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Бахтжон Ҳабибуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Қозияти қозиси Шамсуддин Баҳоуддинов, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, “Юсуф эшон бобо” жомеъ масжиди имом-хатиби Абдураҳмон Матсафоев ва бошқа мутасаддилар, масжид жамоати иштирок этдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳудудларда фаолият юритаётган масжидларнинг эски биноларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган бўлиб, унга кўра ҳудудларда янги масжидлар қурилмоқда. Эскилари қайта таъмирланиб, янгидан реконструкция қилинмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида яна 15 та масжид иш бошлаши арафасида бўлиб, янгидан қурилаётган масжидлар сони кўпаймоқда.
Қипчоқ шаҳарчасида жойлашган ушбу “Ҳожи эшон бобо” жомеъ масжиди ҳам катта йўли ёқасида жойлашган бўлиб, маҳаллий йўловчиларнинг ибодатларини адо этиб олишлари учун қулай жой ҳисобланади. Масжиднинг лой пахсадан тикланган эски биноси 1989 йилда қурилган бўлиб, 1-2 бўлмадан иборат бу иншоот ҳозирги кун талабига жавоб бермайди. Шу боис, олти сотихдан ортиқ майдонда ҳашар йўли билан тадбиркорлар ва хайрия қилувчиларнинг ҳомийлик ёрдами ҳисобига қурилаётган янги масжид 1000 кишини сиғдира оладиган катта хонақоҳ, намозхона, таҳоратхона, қўшимча маъмурий хоналардан иборат бўлиши режалаштирилган. Қўшимча 80 сотих ер майдонида эса ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида игнабаргли, манзарали дарахтлар, буталар ва гуллар экилиши, яшил майсалар билан қопланиши кўзда тутилган. Шунингдек, тахминий қиймати 3,5 млрд. сўмга яқин бўлган лойиҳага кўра қурилаётган ушбу янги бинони табиий газ ва электр, алоқа тармоқларига улаш, ибодатчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳам кўзда тутилган.
Тадбирда қатнашчилар бугунги кунда масжидлар кундан-кунга обод бўлаётгани, шарқона услубда қайта қурилиб, чиройли кўринишга келтирилаётгани, намозхонлар учун қулай шароитлар яратилаётгани, халқимиз қулайликларга эга, шинам масжидларда эмин-эркин ибодатлар қилаётганини мамнуният билан эътироф этишди.
Маросимда Қуръон тиловат қилинди ва янгидан қурилиши бошланаётган масжид тез орада бунёд бўлиши, уларда мўмин-мусулмонлар ибодатлар қилишини сўраб дуолар қилинди. Дуога қўл очганлар ушбу масжиднинг то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, таровеҳлар, хатми Қуръонлар, зикр-у тасбеҳлар қилинадиган саждагоҳ, моддий ва маънавий обод масканга айланишини тиладилар. Шундан сўнг, йиғилганлар дуо ва эзгу ниятлар билан рамзий қозиқни қоқиб, масжид қурилишига оқ фотиҳа бердилар.
Қипчоқ шаҳарчасидаги Амударё дарёси устида бунёд этилаётган янги ва замонавий кўприк яқинида жойлашган ушбу масжид туманда зиёрат туризми ривожланишини таъминлайдиган масканга айланиб, ҳудуд аҳолисининг ибодатлари, диний-маърифий билимлари, дунёқараши кенгайиши учун хизмат қилиши шубҳасиз.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶