“Қалб шоири”
Эл дилида мангу қолган оташнафас шоир Муҳаммад Юсуф Андижон вилоятининг Марҳамат тумани сўлим гўшаларидан бирида туғилиб вояга етди. Болалиги қишлоқнинг ям-яшил бедапоялари, чексиз далалари, ўт-ўланлар билан қопланиб, бетакрор гўзаллик кашф этган қирлари оғушида ўтган.
У ўз Ватанининг ҳар бир қарич ерини жонидан севган, ҳар бир юртдошига эътиборсиз қарамаган, ҳар бирининг меҳнатидан ҳикмат ахтарган булбулизабон шоир эди.
Ер айланур, Ер айланур,
Ер айланиб тинмайди.
Яктагининг енгларидан
Тер югуриб тинмайди.
Қўлинг тегмай бу дунёда
Битта гиёҳ унмайди,
Тин билмаган жоним менинг
Бободеҳқоним менинг...
Оддийгина, барча ёшдаги ўқувчиларга тушунарли тилда юрагидаги бободеҳқонга бўлган самимий ва изтиробли туйғуларини шундай ифодалаган шоир.
Муҳаммад Юсуфнинг аксарият шеърларида юрт манзараси, меҳнаткаш ўзбекнинг қиёфаси, ўзбекона урф-одатлар тўла намоён бўлади. Шунинг учун унинг шеърларини катта-ю кичик бирдек севиб ўқийверади.
У ҳақиқий халқпарвар, халқ севган шоир эди. Шунинг учун ҳам унинг асарлари барчанинг энг севимли китоблари сафидан жой олган.
Шу йилнинг 26 апрелида ҳассос, оташнафас шоир таваллудига 67 йил тўлди. Шу муносабат билан 40-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Қалб шоири” номли маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда 8 “В” ва 6 “Б” синф ўқувчилари фаол иштирок этиб, севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуф шеърларидан айтиб беришди. Шунингдек шоир ҳақида замондошлари айтган эътирофлар ва шеърлар, ҳаёти ва ижодига доир маълумотлар тақдим этилди. Туман маданият бўлими санъаткорлари шоир шеърларига басталанган қўшиқларни маромига етказиб ижро етишди.
Тадбирни ташкил этиш ва ўтказишда она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ҳулкарой Хўжаниёзова, маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Замира Худойберганова ва ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи Умидалар ҳамкорликда ташкил этишди.
Тадбир мазмунли ва қизиқарлилиги, мароқли куй-қўшиқ ва рақсларга бойлиги билан ўқувчиларга манзур бўлди.
Йиллар ўтаверар, бироқ ижоди халқимиз дилидан чуқур жой олган халқпарвар шоирни мухлислари, халқи ҳеч қачон унутмайди. Муҳаммад Юсуф асарлари ҳар бир хонадоннинг китоб жавонидаги энг севимли китоб бўлиб қолаверади.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶