Мақсадим – Ватанимиз мудофаа қудрати ошишига хизмат қилиш
Ҳаётда шундай бўладики, бирор режалаган ниятимиз амалга ошмаса, тушкунликка тушамиз, ҳаётнинг қизиғи йўқдай туюлиб кетади. Кейин, маълум бир вақтлар ўтиб, ўтган йўлимизга назар ташласак, ўша муваффақиятсизликнинг ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга бўлганлигини англаймиз.
3-сонли Амударё академик лицейини тугатиб, Қорақалпоқ давлат университетининг иқтисодиёт факультетига улкан умидлар билан ҳужжат топширгандим. Доим қўшимча дарслар олиб, лицейдаги дарс машғулотларимни мустаҳкамлаб борганим, олийгоҳга кириш учун қаттиқ тайёргарлик кўрганимга, албатта, талаба бўларман, деб ишонгандим. Афсуски салгина билимим камлик қилди. Мен оиламизнинг катта фарзанди эдим. Сингилларим, ота-онам олдида муваффақиятсизлигимдан уялиб юргандан кўра, Армияга кетаман, деган қарорга келдим. Оиламдагилар бу фикримни қўллаб-қувватлашди.
Шундай қилиб саралашлардан, тест синовларидан ўтиб, муддатли ҳарбий хизматга жўнадим. Бир йиллик хизмат даврим мени бутунлай қайта тарбиялади. Ота-онам, яқинларим, юртим қадрини жуда теран ҳис қилдим. Қолаверса, шу азиз Ватанимизнинг тинч-осойишталигини асраб турган миллий Армиямизга ҳурматим ортди. Қишлоғимга ҳарбий хизматчи бўлиш нияти билан қайтдим.
Мана ҳозир Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг биринчи босқичида таълим олаяпман.
Насиб қилса, олийгоҳни тугатиб, ҳаво-десант қўмондонлиги бўйича офицер бўлиб, мамлакатимиз мудофаа қудратининг яна ҳам юксалишига ўз ҳиссамни қўшаман. Кундалик дарс машғулотлар жарёнида бу ниятим тобора мустаҳкамланиб бораяпти. Чунки дунёнинг турли ҳудудларида уруш-низолар, нотинчликлар ҳукм сураётган даврда мустаҳкам, қудратли ва юқори жанговарлик маҳоратига эга армиягина юртимизни бундай таҳдидлардан асрай олади. Шунинг учун мен ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини, мактабларни битириш арафасида турган укаларимни билим юртимизга келиб ўқиб, малакали ҳарбий кадрлар бўлиб етишишга, ёшлик куч-ғайратини, салоҳиятини миллий армиямизнинг мудофаа қудрати ошиши учун сарфлашга чақираман. Ахир, Ватан ҳимоячиси бўлиш йигитларнинг муқаддас бурчи.
Полвонназар ИСМОИЛОВ,
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик
билим юрти курсанти.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶