Теран илдизлардан куч олган нашр
Газета кашф қилинганидан буён босма нашрлар нафақат янгиликлар манбаи, балки жамиятни уйғотувчи, фикр ва дунёқарашни шакллантирувчи қудратли қурол вазифасини ўтаб келмоқда. Тарихга назар ташласак, бундан 92 йил муқаддам, яъни 1934 йилда ҳозирги Амударё тумани ҳудудида ҳам ўз даврининг овози бўлган 2 та нашр босмадан чиқа бошлаган эди. Ўтган йиллар давомида ушбу газеталар халқимизни ишончли ахборот билан таъминлаш, уларнинг маънавияти ва дунёқарашини юксалтириш, шунингдек, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ва маърифий ҳаётидаги ўзгаришларни тарих саҳифаларига муҳрлаш борасида энг муҳим восита бўлиб хизмат қилди. "Тараққиёт кўзгуси" газетасининг бугунги кунларга етиб келишида сўзнинг қадрини баланд билган, ҳақиқатни қалам орқали халққа етказишда фидойилик кўрсатган кўплаб заҳматкаш ижодкорларнинг, тажрибали муҳаррир ва мухбирларнинг беқиёс ҳиссаси бор. Уларнинг тинимсиз изланишлари ва ижодий меҳнатлари туфайли нашр узлуксиз равишда чоп этилиб, туманимиз аҳлининг энг яқин ҳамроҳига айланди. 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир асрдан камроқ вақт давомида юзлаб фидойи инсонларнинг меҳнати сингган, даврнинг энг муҳим жараёнларини ўзида акс эттирган севимли газетамизнинг бой тарихидан олинган энг асосий ва эсда қоларли воқеаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
• Туман матбуотига 1934 йилда тамал тоши қўйилган бўлиб, “Тараққиёт кўзгуси” газетаси Қорақалпоғистон Республикаси собиқ Қипчоқ туманининг “Социализм йўли” ва Хоразм вилояти собиқ Манғит туманининг “Сталинчи” газеталарининг маънавий-ҳуқуқий вориси саналади.
• Қипчоқ туманининг “Социализм йўли” газетаси муҳаррирлигига 1934 йил 22 февралда қўнғиротлик Ражаб Ҳакимниёзов тайинланган. Ундан сўнг хўжайлилик Абдукарим Иброҳимов (1938-1941 йиллар), Эндирбой Жўллибоев (1941-1942 йиллар), Собир Юсупов (1942-1944 йиллар), Айтжон Жуманиёзов (1943 йил), Нурумбой Жуманиёзов ва Турсунбой Давлатбоевлар (1953-1957 йиллар) ушбу лавозимда ишлаган.
• “Социализм йўли” газетасининг биринчи сони 1934 йил 5 майда лотин ёзувида босиб чиқарилган.
• Манғит туманида “Сталинчи” газетасини ташкил этишга 1934 йил баҳорида журналист Саъдулла Ўрозов бошчилик қилган ва ўзи унинг биринчи муҳаррири бўлган.
• “Социализм йўли” газетаси таҳририяти ва босмахона дастлаб Қипчоқ қалъасидаги Қулжонбой исмли шахснинг пахта заводи биносида иш бошлаган ҳамда газета ойига беш маротаба чиқарила бошлаган.
• 1937 йилнинг охирида ҳар иккала газета муҳаррирлари Ражаб Ҳакимниёзов ва Саъдулла Ўрозов ҳамда иккала туманнинг бир гуруҳ фаоллари ноҳақ равишда “халқ душмани” тамғаси билан ҳибсга олинган. Уларнинг кўпчилиги қийноқлар натижасида қамоқхонада вафот этган.
• 1946 йил кузида таниқли ёзувчи Асан Бегимов ёрдами билан “Социализм йўли” газетаси таҳририяти ва босмахона Қипчоқ қалъасидаги Юсуфбой исмли шахснинг ҳовлисига кўчирилган ва шароитлари бирмунча яхшиланган (38-бет).
• 1948 йил 15 майда “Социализм йўли” газетаси саҳифасида Азиз Раззоқовнинг «III Интернационал» жамоа хўжалиги раиси кирдикорларини фош қилувчи «Ёр-ёр» номли шеърий фельетони босилиб чиққан. Ушбу фельетон чоп этилганидан сўнг, колхоз раиси ва унинг шериклари мухбир Азиз Раззоқовни ваҳшийларча дўппослаб азоблаган ва газета нусхаларини тандирга ташлаб ёқиб юборган. Мухбирга қилинган тазйиқлар ва ноҳақликлар ҳақида 1948 йил 30 июнда “Қизил Ўзбекистон” газетасида Ҳотам Икромовнинг “Қорақалпоғистонда қишлоқ мухбирлари қувғин қилинмоқда” сарлавҳали танқидий мақоласи чиққан ва айбдор раҳбарлар ишдан олиниб, ҳақиқат тикланган.
• 1957 йилнинг охирида Манғит ва Қипчоқ туманлари бирлаштирилиб, Амударё тумани ташкил қилинган. Ушбу иккала туман газеталари негизида янги “Амударё ҳақиқати” газетаси ташкил топган ва унган 1959 йилгача Собир Юсупов муҳаррирлик қилган.
• 1962 йилда туман газеталари тугатилиб, ўрнига Амударё, Беруний ва Тўрткўл туманларининг “Коммунизм ғалабаси” номли туманлараро газетаси чиқарилган.
• 1965 йил 15 июнда Амударё тумани газетаси яна қайта тикланиб, таҳририят “Манғит” саккиз йиллик мактабининг эски биносига жойлаштирилган. Шу йил 1 июлда унинг илк сони Собир Юсупов муҳаррирлигида ёруғликка чиққан.
• 1970 йиллардан бошлаб газетани тайёрлаш жараёни енгиллашиб, матнлар линотип машинасида терила бошлаган.
• 1991 йилдан сўнг газета ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтган ва иқтисодий қийинчиликларга қарамай, “Оқ олтин” жамоа хўжалиги, “Юлдуз” ҳиссадорлик жамияти ва “Манғит ип йигирув фабрикаси” каби ҳомийларнинг молиявий кўмагида чоп қилиб келинган.
• 2004 йилдан эътиборан газета қўрғошин ҳарфларда эмас, балки компьютерда саҳифаланиб, “Нукус полиграфкомбинати”да офсет усулида босила бошлаган.
• 2012 йилдан бошлаб туман газетаси “Тараққиёт кўзгуси” номи билан чоп қилиб келинмоқда.
Бугунги кунда Амударё туманида ўтмишдаги ана шундай теран ва мустаҳкам илдизлардан куч олган “Тараққиёт кўзгуси” газетаси, шунингдек, Амударё телевидениеси ҳамда amunews.uz веб-сайти самарали фаолият юритмоқда. Ушбу оммавий ахборот воситаларининг жонкуяр ижодий жамоаси ҳамда ўз ҳаётини шу соҳага бағишлаган амударёлик фахрийларнинг машаққатли меҳнатлари давлатимиз томонидан доимо муносиб эътироф этиб келинмоқда. Хусусан, жорий йилги касб байрами муносабати билан газетанинг собиқ муҳаррири Хонимжон Ражабова “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан, газетанинг фотомухбири Маҳмуджон Шомуродов ва “Амударё телевидениеси” таҳририяти оператори Равшанбек Баҳромовлар “Ўатан пыдайысы” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Бу каби юксак эътибор ижодкорларни янги марралар сари руҳлантиради.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶