Нашриёт тизимида СММ йўналишининг кириб келиши ва ривожланиши
Замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг ҳаётимизнинг барча жабҳаларига чуқур кириб келиши оммавий ахборот воситалари, айниқса, нашриёт тизими фаолиятини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Рақамли трансформация жараёнлари матбуот соҳасини янги босқичга олиб чиқиб, анъанавий босма маҳсулотлар билан бир қаторда уларнинг интернет маконида оммалашуви ва кенг аудиторияга тез етиб боришини таъминламоқда.
Ижтимоий тармоқлар бугунги куннинг энг таъсирчан коммуникация воситаларидан бири сифатида нафақат шахсий фикр алмашиш, балки ташкилотлар, жумладан, нашриётлар учун ҳам муҳим ахборот платформасига айланди. Шу боис маркетинг соҳасида “Соcиал Медиа Маркетинг” (СММ) тушунчаси кенг оммалашди.
СММ — бу ижтимоий тармоқлар орқали аудитория билан самарали мулоқот олиб бориш, бренд имижини мустаҳкамлаш ва маҳсулотни тарғиб қилишда фойдаланиладиган замонавий стратегиялар мажмуасидир.
Нашриёт соҳаси узоқ йиллар давомида анъанавий – босма маҳсулотлар шаклида фаолият юритиб келди. Ушбу модел доирасида қўлёзмаларни қабул қилиш, таҳрирлаш, дизайн ва саҳифалаш, сўнгра босма маҳсулот кўринишида нашр этиш жараёнлари амалга ошириларди. У ўз вақтида самарали бўлган бўлса-да, XXI асрдаги технологик тараққиёт шароитида мазкур моделнинг секинлиги ва аудиторияга етиб боришдаги чекланган имкониятлари тобора яққол намоён бўлди.
Рақамли трансформация эса нашриёт фаолиятининг барча босқичларини электронлаштириб, уни тезкор ва интерактив асосда қайта ташкил этишни тақозо этмоқда. Бугунги кунда замонавий нашриётлар ўз ишини рақамли муҳитда ташкил этмоқда. Бу фақат электрон китоблар нашри ёки онлайн савдолар билан чекланиб қолмай, балки бутун иш жараёнини ўзгартирмоқда:
— қўлёзмалар электрон платформалар орқали юборилади;
— таҳририят ва муаллиф ўртасидаги алоқалар электрон почта ва мессенжерлар орқали амалга оширилади;
— дизайн ва саҳифалаш ишлари замонавий дастурлар ёрдамида автоматлаштирилади;
— таҳририят ва муаллифлар реал вақтда рақамли муҳитда биргаликда ишлаш имкониятига эга бўлмоқда;
— китоблар онлайн дўконлар, мобил иловалар ва электрон платформалар орқали тарқатилаётгани эса, янги имкониятларни очмоқда.
Нашриёт тизимида СММ технологияларидан фойдаланиш китоб маҳсулотларини кенг аудиторияга танитиш, ёшларни китобхонликка жалб қилиш, ўқувчилар билан доимий мулоқот ўрнатиш ва уларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганишда самарали восита сифатида хизмат қилмоқда.
Ижтимоий тармоқлар орқали нашриётлар ўз аудиториясини чуқур ўрганиш, уларга индивидуал ёндашув асосида маҳсулот тақдим этиш имконига эга бўлмоқда. СММ фаолияти — бу фақат контент яратиш ёки реклама жойлаштириш эмас, балки бренд имижини шакллантириш, ўқувчилар билан узвий мулоқотни таъминлаш, мақсадли аудиторияни аниқлаш ва рақамли платформалар имкониятларидан тўлиқ фойдаланишни назарда тутадиган стратегик жараёндир.
Нашриёт учун СММ фаолияти, аввало, ахборотни тақдим этиш услубини замонавий рақамли муҳитга мослаштириш ва ўқувчилар билан замонавий тилда мулоқот қилиш имкониятини яратади.
Фарангис Абдуллаева, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶