БУЮК ШОҲ ВА ШОИР, ТАРИХЧИ ОЛИМ ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР ДАҲОСИГА ҲУРМАТ-ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ
Буюк шоҳ ва шоир, тарихчи олим, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабий меросини ўрганиш ва унинг асарларидаги ватанпарварлик, инсоний муносабатларни, ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини ўсиб келаётган ёш авлод қалбига сингдириш мақсадида таълим-тарбия муассасаларида Бобурхонлик кечаларини ўтказиш анъанага айланган. Бу каби тадбирлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган 14 февраль санаси арафасида янада кенгроқ тус олади. Бу тадбирларда ўқувчи-ёшлар Бобур ғазалларини ифодали ўқийдилар, маъно-мазмуни, ғазалларда илгари сурилган ғоялар юзасидан ўзаро фикр алмашиш орқали Бобур ижодига оид билимларини бойитадилар.
Президент мактаблари тизимидаги Амударё ихтисослаштирилган мактаби, 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда Амударё туман Маданият бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган “Шоҳ ва шоир, тарихчи олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур даҳосига эҳтиром” мавзусидаги адабий-мусиқий тадбирда ҳам мактаб ўқувчилари ўзларининг Бобур асарларининг билимдонлари ва ихлосмандлари эканликларини намоён этдилар.
Дарвоқе, буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур мероси нафақат ўз даврида, балки орадан беш асрдан зиёд вақт ўтса ҳам, ҳамон туркий халқларгина эмас, балки дунёдаги кўплаб халқлар томонидан алоҳида эътибор билан ўрганилади. Чунки туркий адабиётни юксакликка олиб чиққан шоир 1494-1529 йиллар давомида умумий ҳажми 400 дан зиёд турли жанрлардаги асарларни яратди. Хусусан, буюк бобокалонимиздан 119 ғазал, 231 рубоий, туюқ, қитъа, фард, маснавий жанрларидаги бетакрор асарлар мерос бўлиб қолди. Унинг ошиқона, таълимий, тасаввуфий, тарихий мавзулардаги асарлари ҳамон қўллардан қўймай ўқилади.
Тадбирни Амударё ихтисослаштирилган мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Муяссар Раҳматуллаева очди ва Бобур асарларининг ёш авлод таълим-тарбиясида тутган ўрни ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Адабий-мусиқий тадбир давомида мактаб ўқувчилари Бобур ғазалларини маҳорат билан ифодали ўқиб бердилар. Ўқувчилар “Ҳинд девони”, “Қобул девони” ҳамда буюк мемуар асар “Бобурнома”нинг ёзилиш тарихи, “Бобурнома”да баён этилган Осиё, Яқин Шарқ мамлакатларида Бобур даврида рўй берган воқеа-ҳодисалар хусусида маърузалар қилдилар.
Айниқса, ўқувчи-ёшлар томонидан намойиш этилган саҳна кўриниши иштирокчиларни бир муддат Заҳириддин Муҳаммад Бобур яшаган давр ва шоирнинг орзу-армонларига ошно қилиб, ҳар бир қалбда Ватанга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Тадбир давомида туман Маданият бўлими санъаткорлари ва 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари томонидан маҳорат билан ижро этилган Бобур ғазаллари билан айтиладиган ашулалар иштирокчиларга завқ-шавқ бағишлади.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶