Тергов судьяси томонидан тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинади
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги қарорига мувофиқ 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар, яъни тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш ва жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш белгиланган эди.
Ушбу қарор билан тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳамда бир қатор жиноят материалларини, шу жумладан санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилган эди.
Жорий йилдан фаолият бошлаган тергов судьялари қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш каби йўналишларда фаолият олиб бормоқда.
Яқинда Амударё туман Ички ишлар бўлимининг мажлислар залида Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг тергов судьяси Донахон Юсупова бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди.
Туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари Шарапат Жолдасбаев, туман ИИБ профилактика инспекторлари иштирокида ўтказилган йиғилишда туман судининг тергов судьяси Донахон Юсупова Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги фармонининг мазмун моҳияти бўйича тушунтиришлар берди. Шунингдек, йиғилиш давомида тергов судьяси “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида судлар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Йиғилишдан сўнг Амударё туман ИИБ биносида тергов судьяси томонидан сайёр суд ташкил қилинди. Сайёр суд мажлисида ИИБ томонидан тақдим қилинган жами 20 та иш материали кўриб чиқилди.
Сайёр суд давомида Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексининг 183-моддасида кўрсатилган майда безорилик ҳуқуқбузарлигини содир этган 10 нафар шахсга нисбатан тўпланган маъмурий ҳуқуқбузарлик иш материаллари кўриб чиқилди. Суд томонидан 4 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси ва 6 нафар шахсга нисбатан маъмурий жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, ушбу Кодекснинг 101-моддаси 1-қисмида назарда тутилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш хуқуқбузарлигини содир этган 2 нафар шахсга нисбатан тўпланган иш материллари ҳам кўриб чиқилиб, айбдорларга маъмурий жарима жазоси тайинланган бўлса, юқоридаги Кодекснинг 592-моддасида назарда тутилган оилавий зўравонлик хуқуқбузарлиги юзасидан тўпланган ишлар бўйича 4 та иш материали кўриб чиқилиб, 2 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси ҳамда 2 нафар шахсга нисбатан жарима жазоси тайинланди.
Бундан ташқари, мазкур Кодекснинг 52-моддаси 2-қисмида баён қилинган енгил тан жароҳати етказиш хуқуқбузарлиги ва бошқа турдаги ҳуқуқбузарликларга оид тўпланган иш материллари ҳам кўриб чиқилиб, айбдорларга нисбатан қонуний қарорлар қабул қилинди.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, тергов судьяси институтининг ташкил қилиниши тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Азиза Мадраҳимова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶