Элмиранинг ҳаёт мазмуни
Элмира Жуманиёзова умумтаълим мактабини тугатиб, “мен тарбиячи бўламан”, деганида кўпчилик: “бу йўналишда иш топиш қийин-ку, болалар муассасаларининг кўпчилиги ёпилиб кетган бўлса”, дея рўйхушлик беришмаган. Чунки Амударё туманидагина эмас, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мактабгача таълим-тарбия муассасалари фаолияти ниҳоятда суст, кўпчилиги ҳақиқатдан ҳам қаровсиз ҳолатда бўлиб, номаълум сабабларга кўра ёпилган эди.
– Бир кун келиб, бу соҳага эътибор қаратилади, давлатимиз томонидан катта-катта маблағлар сарфлаб бунёд этилган бинолар шунчаки ташлаб қўйилмайди, – ишонч ва қатъият билан гапирди уни орзулари йўлидан қайтармоқчи бўлганларга.
Қалбидаги қатъий қароридан қайтмаган Элмира ҳеч иккиланмай ҳужжатларини Нукус педагогика коллежининг мактабгача таълим йўналишига топширди ва синовлардан муваффақиятли ўтиб, коллеж талабаси бўлди. У коллеж дипломига эга бўлган 2016 йилда Амударё туманида саноқлигина мактабгача таълим-тарбия муассасалари фаолият юритар, у тарбиячи бўлиш орзусини айтганида яқинлари “башорат” қилганларидай, ўз йўналиши бўйича иш топиши ҳақиқатдан ҳам қийин бўлди. Боз устига, у йиллари болалар муассасалари ходимлари навбатма-навбат, мажбурий тарзда пахта яганаси-ю йиғим-теримга, жамоат ишларига жалб этилар, таълимий ва тарбиявий ишлар кўнгилдагидай олиб борилмасди.
2017 йилнинг сентябрь ойида Президентимиз “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарор ва “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғриси” Фармон қабул қилиб, соҳада туб ислоҳотларни бошлаб бердилар. Шундан кейин давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти янада жонланиб, соҳага хусусий сектор ҳам фаол жалб қилина бошлади.
Икки йил давомида, 2016-2018 йилларда “Баркамол авлод” болалар мактабида мутахассис сифатида фаолият борган Элмира Жуманиёзова ниҳоят орзусига эришди: 2019 йилдан 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи сифатида иш фаолиятини давом эттирди. Бу пайтга келиб Президентимизнинг қатъий назорати асосида соҳада жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. Мактабгача таълим ташкилотларини замон талаблари даражасида қайта таъмирлаш, реконструкция қилиш, жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилди, ҳудудларда янги-янги муассасалар қад ростлади. Элмира ишлаётган 6-сонли МТТ ҳам барча қулайликларга эга, икки қаватли бинога кўчиб ўтди.
Муассасада яратилган шарт-шароитлар, замонавий жиҳозлар, қатъий меҳнат интизоми ва аҳиллик асосидаги иш жараёни, болажонларнининг беғубор дунёсида яшаш ва ишлаш Элмира Жуманиёзованинг доимий орзуси эди ва у бунга эришди. Табиатан тиниб-тинчимас, меҳнаткаш бўлган Элмира қисқа фурсат ичида ўз иш фаолиятини нафақат намунали тарзда адо этувчи, балки бошқаларга ибрат бўла олгувчи ходимага айланди. Мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни, соҳага оид инновацион ғояларни ўз фаолиятига татбиқ этишдан асло чарчамади. Тинимсиз изланишлари, ўқиб-ўрганишлари натижасида касбдошлари ҳавас қилгулик ўзига хос иш услуби ва тажрибасига эга тарбиячи сифатида танилди. Туман ва Республика миқёсидаги кўрик-танловларнинг доимий ва энг фаол иштирокчисига айланди.
Яқинда Элмира Жуманиёзованинг ҳаётида юз берган қувончли воқеа нафақат унинг ўзига, балки барча яқинларига, айниқса, 6-сонли МТТ да фаолият юритувчи ҳамкасбларига ҳам қувонч бағишлади. “Йил тарбиячиси” кўрик-танловининг туман босқичи ғолиби сифатида мазкур танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида Амударё тумани шаънини муносиб ҳимоя қилган Элмира Жуманиёзова Республика босқичида ҳам фахрли 1-ўринни эгаллаб, мутлақ ғолибликни қўлга киритди.
– Мен бу ютуққа ўз-ўзидан эришганим йўқ, – дейди Элмира камтарлик билан. – Аввало мени ҳамиша қўллаб-қувватлаб турган муассасамиз жамоаси, ҳамкасбларим, қолаверса, оила аъзоларим, менга илҳом, ишонч ва жўшқинлик, иш жараёнимга завқ-шавқ бахш этгувчи севимли болажонларимнинг меҳридан куч олдим.
Дарвоқе, ҳар тонг ўз оналари бағрига ошиққандай, Элмирага талпиниб, муассаса остонасига қадам қўйгувчи кичкинтойларнинг ўзига хос беғубор дунёсида яшаш, уларга қувонч ва шодлик улашиш мақоламиз қаҳрамонининг ҳаёт мазмуни, ушалган орзулари, эзгу ниятларининг гўзал ижобатидир.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶