Олим бўлсанг олам сеники, китоб ўқисанг...
Аслида ҳар кимнинг ўз дунёси бор, ҳар бир инсоннинг ўз ҳақиқати бор. Ана шу ҳақиқатни англаб етишда, ҳаётда нима тўғри-ю, нима нотўғри эканлигини тушуниб етишда эса бизга китоблар ёрдамга келади.
Нигоҳ ташласангиз, китоб ўқийдиган инсон билан китоб ўқимайдиган инсоннинг жисман фарқи йўқ. Бироқ, иккиси ўртасидаги фалак билан ерчалик фарқ руҳиятда, маънавиятда. Чинданда, баъзида адабий ва маънавий олами бой бўлган одам билан суҳбатингиз соз, давра файзли, кўнгиллар ободдай туюлади гўё. Ҳақиқатан шундай. Кўнгил мулки бадавлат, китоблар дунёсига ошно инсон ҳар доим қадрли ва ибратли бўлади.
Демак, китоб инсонни улуғлайди!
“Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририятининг “Билимли ва маънавиятли ёшлар билан – Учинчи Ренессанс сари” грант лойиҳасининг мақсади эса жамиятдаги ана шундай маънавияти бой ўқувчи ёшларни излаб топиш, уларнинг китобларга дўст тутиниши ва юксак салоҳиятли, комил инсонлар бўлиб етишишига замин яратишдир.
Яқинда ушбу грант лойиҳаси доирасида Амударё туманининг 3-сектори ҳудудидаги Куюк кўпир овулида жойлашган 14-сонли мактабга ташриф буюрдик.
Газета таҳририяти ва Амударё телевидениеси таҳририяти билан ҳамкорликда ўқувчи ёшларни китобхонликка жалб қилиш мақсадида ташкил қилинган “Китобхон ёшлар” тадбирида “Тараққиёт кўзгуси” газетаси фотомухбири Маҳмуджон Шомуродов, 14-сонли мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жасур Сидабуллаев, шу мактабнинг қозоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Майра Умирбаева, Амударё телевидениеси мухбири Азиза Мадраҳимова ҳамда мактабнинг бир гуруҳ китобхон ёшлари иштирок этди.
Тадбирни мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жасур Сидабуллаев очиб берди. У ўз сўзида бугунги глобаллашув жараёнида ёшлар китобга эмас, балки, кўпроқ телефонга боғланиб қолаётганини таъкидлаб, ўқувчининг шахс сифатида камол топишида аввало китоб энг яхши ва ишончли дўст эканлигини урғулади.
Газета мухбири Маҳмуджон Шомуродов эса ижодга қизиқадиган, китобхон ўқувчилар учун “Жайҳун илҳомлари” ННТ қошидаги кутубхона эшиклари ҳар доим очиқ эканлигини айтиб, китобхонликнинг аҳамияти ҳақида гапирди.
Шундан сўнг, Амударё телевидениеси мухбири Азиза Мадраҳимова инсон камолотида бадиий китобларнинг ўрни ҳақида гапириб, маънавиятли инсон бўлишнинг калити – китоб ўқиш ва уни уқиш эканлигини содда ва самимий йўсинда тушунтирди.
Дарҳақиқат, ўқувчиларни китобхонликка жалб қилишда, айрим ёшларнинг телефон сабаб “виртуал” бўлиб қолган ҳаётига маърифат зиёсини олиб киришда айнан адабиёт фани ўқитувчиларининг ўрни беқиёсдир. 14-сонли мактабнинг қозоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Майра Умирбаева ана шундай зиёли ўқитувчилардан. Тадбир давомида у ўқувчиларга ўзи ўқиган бадиий китоблардаги ҳикматли сўзларнинг мағзини уқтириб, инсон ҳаётида иккита нур борлигини: бири – қуёш нури бўлса, иккинчиси – китоблардан олинажак маърифат нури эканлигини таъкидлаб ўтди.
Тадбир ўқувчиларнинг қозоқ ва ўзбек адабиёти намоёндаларининг дурдона шеърларидан парчалар ўқиши билан давом этди. Лариса Пиржанова, Гулжайна Тўхтасинова каби ўқувчилар қардош қозоқ халқининг машҳур шоири Абай ижодидан намуналар ўқиди.
Ҳа, ҳар нарса тилда айтилиши осон. Бироқ, амалда бажарилмаса фойдаси йўқ. Демоқчимизки, уйда ёки шахсий кутубхонангизда китоб кўп бўлса-ю, лекин уларни ўқимасангиз, уқмасангиз, китобларни чанг, шуурингизни “моғор” босади. Бундай бўлмаслиги учун ҳаракатни, мутолаани айни замон бошланг, азиз китобхон! Шу каби эзгу фикрлар ила таълим масканига ташрифимизни якунладик.
Азиза Мадраҳимова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶