КЕЛАЖАК БУНЁДКОРИ, ЮРТ ТАЯНЧИ БЎЛИШНИ МАҚСАД ҚИЛГАН ҚАНГЛИЛИК ЁШЛАР
Юртимизда ёшлар учун яратилган шарт-шароитлардан фойдаланиб, ютуқларга эришаётган, чуқур билим олишга, ҳунар ўрганишга интилаётган, билимли ва маънавиятли, тафаккури ва дунёқараши кенг ёшлар талайгина. Амударё туманида ҳам ана шундай интилувчан, ўз иқтидори, заковати билан элимизни дунёга танитаётган ёшлар кўпчиликни ташкил қилади.
“Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририятининг “Билимли ва маънавиятли ёшлар билан – Учинчи Ренессанс сари” номли грант лойиҳасини амалга ошириш орқали мана шундай юртга муносиб, комил инсонлар бўлиб вояга етаётган ёшларни тенгдошларига намуна, ўрнак қилиб кўрсатиш орқали уларнинг сафини янада кенгайтириш мақсад қилинган. Грант лойиҳаси иш режасига мувофиқ айни пайтда Қангли овулидаги 29-сонли мактабда таҳсил олаётган, келажакда етук инсонлар, келажак бунёдкорлари, юрт таянчи бўлишни мақсад қилиб, аъло баҳоларга ўқиётган ўқувчилар ҳақида лавҳа тайёрлаш учун таълим масканига ташриф буюрдик.
4-сектор ҳудудида жойлашган ушбу мактаб 330 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 405 нафар ўқувчига 46 нафар ўқитувчи томонидан таълим-тарбия берилмоқда. Мактаб биноси 2008 йилда янгидан қурилган бўлиб, ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун барча шароитлар яратилган. Ўқув муассасасида фан кабинетлари, информатика фани хонаси, фаоллар ва спорт заллари, ошхона мавжуд. Таълим самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётган ушбу таълим масканини ўтган ўқув йилида битирган 14 нафар битирувчи ўқувчилардан 10 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга киришга муваффақ бўлишди ва мактаб 93,3 фоиз билан “яшил” тоифага киритилди.
Мактабнинг аълочи ўқувчиларидан бири бўлган Мадина Кушмурадова ҳозир 9-синфда таҳсил олмоқда. У оилада катта фарзанд. Ота-онаси фарзандларининг комил инсонлар бўлиб вояга етишлари учун алоҳида эътибор қаратишганидан Мадинанинг билим олишга қизиқиши катта. Ҳозир у фанларни яхши ўзлаштириш билан бирга рус ва инглиз тилларини мустақил ўрганмоқда. Шу билан бирга математика, инглиз тили, биология, кимё фанларидан мактабда ташкил этилган тўгаракларга қатнашмоқда.
Мадина 2022-2023 ўқув йилида Ал Хоразмий олимпиадасининг туман босқичида биология фанидан қатнашиб, 1-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Ушбу олимпиаданинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, ўз иқтидорини синовдан ўтказди. 2023-2024 ўқув йилида ҳам биология фанидан олимпиаданинг туман босқичида фахрли 1-ўринни эгаллади ва Қорақалпоғистон босқичида қатнашди.
Шу мактабнинг 10-синф ўқувчиси Моҳинур Шомуродова ҳам фаол ва билимдон ўқувчилардан бири. Қангли овулида зиёли оилада туғилган Моҳинурнинг ота-онаси таълим соҳасида фаолият кўрсатишади. Ёш авлод таълим-тарбиясига ўз ҳиссаларини қўшиб келаётган бу фидойи инсонлар оилада фарзандларининг чуқур билим олишларига, китобхонликка қизиқтиришгани самарали натижалар бермоқда.
Барча фанларни чуқур ўзлаштиришга, билим асосларини мукаммал билиб олишга интилаётган Моҳинур мактабда математика, инглиз тили, биология фанларидан тўгаракларига қатнашмоқда. У 2022-2023 ўқув йилида Фанлар олимпиадасининг туман босқичида биология фанидан 3-ўринни эгаллаб, Қорақалпоғистон Республикаси босқичида муваффақиятли иштирок этди. Жорий 2023-2024 ўқув йилида ҳам биология фанидан туман босқичида фахрли 2-ўринни эгаллади ва Қорақалпоғистон босқичида ўз билимини синовдан ўтказди. Шунингдек, туманимизда бўлиб ўтган “Заковат” интеллектуал ўйинида фаол иштирок этиб, билимдонлиги, зукколиги билан эътибор қозонди. Жамоа ушбу ўйинда 1-ўринни эгаллаб, туман ғолиби бўлди ва Қорақалпоғистон Республикасида энг кучли 10та жамоа қаторидан жой олди.
Мактабнинг 11-синф ўқувчиси Жаҳонгир Ендирбоев аъло баҳоларга ўқиб, фаоллиги билан тенгдошларига намуна бўлиб келмоқда. Оилада китобхонликка ва илм олишга эътибор кучли бўлгани сабабли Жаҳонгирнинг опалари ҳозирги кунда олий таълим муассасаларида таҳсил олишмоқда. Бири Нукус давлат педагогика институти, бири Қорақалпоғистон тиббиёт институти талабалари бўлган опаларига ҳавас қилган Жаҳонгир ҳам олийгоҳда таҳсилни давом эттиришни мақсад қилган. Ушбу эзгу мақсадини рўёбга чиқариш учун дарслардан ташқари пайтда математика, тарих, инглиз тили ва информатика тўгаракларида ўз билимини оширмоқда. У 2023-2024 ўқув йилида Фанлар олимпиадасида информатика фанидан туманда фахрли 3-ўринни эгаллади. Ундан ташқари, “Заковат” интеллектуал ўйинида туманда 1-ўринни эгаллаб, Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ҳам иштирок этди.
Мактабнинг фаол ўқувчиларидан бири бўлган Севинч Султонмуродова эса ўқитувчи бўлишни мақсад қилган. Барча фанларни аъло даражада ўзлаштириб келаётгани, дарсларда ва жамоат ишларида фаол бўлгани учун уни ўқитувчилари доим барчага ўрнак қилиб кўрсатади. Севинчой, айниқса, математика, физика ва география фанларига жуда қизиқади ва ушбу фанлардан тўгаракларга қатнашади. Ўз иқтидорини синаб 2023-2024 ўқув йилида Фанлар олимпиадасининг туман босқичида математика фанидан қатнашди ва фахрли 2-ўринни эгаллади.
Ёшлар – келажак бунёдкори, эртанги кунимиз эгаларидир. Шу боис, юртимизда ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг ҳаётда баркамол шахс сифатида камол топиши учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Қанглилик ёшлар ҳам келажак бунёдкори, юрт таянчи бўлишни, келгусида мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилиб, мактабда устозларидан илм сирларини мукаммал ўрганишга интилишмоқда.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶