БОҒ-ҚАТОР ОРАЛАРИГА ДУГА УСУЛИДА ТЎҚСОНБОСТИ ЭКИНЛАР ВА КЎКАТЛАР ЭКИШ БЎЙИЧА СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ
Амударё туманида кузги экин экиш ишларини янада самарали ўтказиш, боғ-қатор ораларига дуга усулида тўқсонбости ва кўкатлар экиш бўйича семинарлар ўтказилиб келинмоқда. Семинарларда мутахассислар, тажрибали деҳқонлар томонидан экинларни экиш ва парваришлаш бўйича тегишли тавсиялар, маслаҳатлар берилиб, тажрибалар алмашилмоқда. Шу ўринда айтиш жоизки, Амударё туманида 2024 йил ҳосили учун боғ-қатор ораларига 789 гектар ер майдонига тўқсонбости усулида пиёз, саримсоқпиёз ҳамда кўкатлар экиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу пайтга қадар 126 гектар ер майдонига тўқсонбости экинлари экилган.
30 октябрь куни Қангли овули ҳудудидаги “Баҳодир Ҳамдам” агрофирмаси даласида бўлиб ўтган ана шундай семинарда туман ҳокими ўринбосари Анвар Йўлдошев, туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Илҳом Полвоновлар иштирок этишди. Семинарда “Баҳодир Ҳамдам” агрофирмасига қарашли далада 0,3 гектар ер майдонига тўқсонбости усулида боғ-қатор ораларига пиёз, саримсоқпиёз ҳамда кўкатлар экиш режалаштирилгани, ушбу экинларни экиш техникаси, униб чиққанидан кейин агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш лозимлиги тўғрисида сўз юритилиб, таклиф ва маслаҳатлар берилди. Шундан сўнг, ажратилган майдондан ер тайёрланди ва пиёз уруғлари сепилди.
Қипчоқ муқобил машина трактор паркига қарашли боғда давом эттирилган семинарда туман ҳокими Собир Хўжаметов, туман ҳокими ўринбосари Анвар Йўлдошев, туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Илҳом Полвоновлар қатнашишди. Масъуллар ушбу боғда тўқсонбости усулида боғ-қатор ораларига пиёз, саримсоқпиёз ҳамда кўкатлар экиш режалаштирилган 0,8 гектар ер майдонини кўздан кечиришди. Семинар давомида етиштирилган сабзавотларни экишдан то пишиб етилгунигача бўлган жараён ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, тупроқ-иқлим шароитини инобатга олган ҳолда очиқ майдонларга ва боғ-ток қатор ораларига тўқсонбости усулида сабзавот экинларини навлар бўйича экиш ва парваришлаш борасида тажриба алмашилиб, кўрсатмалар берилди.
Семинар Тўлқин овули ҳудудидаги “Аҳмедов Ражапбой” фермер хўжалиги боғида давом эттирилди. “Аҳмедов Ражаббой” фермер хўжалиги томонидан режага кўра 1,8 гектар ер майдонига тўқсонбости усулида боғ-қатор ораларига пиёз, саримсоқпиёз ҳамда кўкатлар экилган. Айни кунларда униб чиқа бошлаган ушбу экинларни парваришлаш ишлари амалга оширилмоқда. Семинарга ташриф буюрган масъуллар юртимиз аҳолисини эртаки сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида ҳосилдан бўшаган майдонларга совуққа чидамли экинлардан шу кунларда пиёз, саримсоқпиёз, ноябрь-декабрь ойларида эса тўқсонбости экинларидан сабзи, ош лавлаги, кўкатлардан – кашнич, петрушка, салат, редиска ва карам экиб етиштириш яхши фойда келтиришини таъкидлашди.
Шундан сўнг, семинар иштирокчилари Чойкўл овули ҳудудудаги “Мангит омад савдо” масъулияти чекланган жамиятига қарашли узумчилик хўжалиги боғида амалга оширилаётган кузги ишлар билан танишишди. Ушбу боғда 2,8 гектар ер майдонига тўқсонбости усулида боғ-қатор ораларига пиёз, саримсоқпиёз ҳамда кўкатлар экиш режалаштирилган. Семинар давомида тажрибали деҳқонларнинг йўл-йўриқлари тингланиб, ўзаро тажриба алмашилди, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари томонидан зарур тавсиялар берилди.
Туманда кузги экин экиш ишларини янада самарали ўтказиш, боғ-қатор ораларига дуга усулида тўқсонбости ва кўкатлар экиш бўйича ташкил этилган семинар бошқа ҳудудларда ҳам давом этди ва келгуси йил ҳосили учун боғ-қатор ораларни шудгорлаш, ҳудуд иқлим шароитига кўра экинларни оқилона жойлаштириш, тўқсонбости экинларини экиш борасидаги масалалар муҳокама этилди.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶