СЕМИНАРДА БОТУЛИЗМ КАСАЛЛИГИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР БЕРИЛДИ
Ботулизм овқатдан заҳарланишнинг оғир тури ҳисобланади. Жуда оғир кечадиган ушбу касалликнинг олдини олиш бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари мунтазам равишда ўтказилади.
29 сентябрь куни тумандаги 38-сонли мактабда “Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, тарқалиши мумкин бўлган касалликлар ва уларнинг олдини олиш” мавзусида семинар ташкил этилди. Ушбу семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бўлим бошлиғи Сирож Абдувоҳидов, Қорақалпоғистон Республикаси Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бўлим бошлиғи Илҳом Бойназаров, туман ФВБ ҳамда СЭО ва ЖС бўлимлари масъуллари қатнашишди.
Семинарда овқатдан заҳарланиш, ботулизм ва қутуриш касаллигини келтириб чиқарувчи сабаблар, улардан сақланиш ва олдини олиш чоралари хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, асосан қишда аҳоли томонидан консерваланган маҳсулотлар истеъмоли кўпайиши, ҳайвонларнинг миграция жараёни кучайиши ва урчиш жараёни кечиши фуқаролар саломатлиги муҳофазасига жиддий эътибор қаратишни тақозо этади. Овқатдан заҳарланишнинг энг оғир шакли бўлган ботулизм касаллигининг қўзғатувчиси табиатда кенг тарқалган. Бу микроб кислородсиз муҳитда, яъни консерваланган маҳсулотларда кўпаяди. Ботулизм оғир кечиши ва ўлим кўрсаткичлари юқорилиги сабабли унга қарши жиддий чора кўриш талаб этилади. Бу касалликни эмлаб ёки антибиотиклар билан даволаб бўлмайди. Шу сабабли олдини олиш чораларини кўришга алоҳида эътибор қаратилиши муҳим аҳамият касб этади.
Семинар давомида аҳоли ўртасида кейинги пайтларда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари ҳақидаги хабарлар кўпайгани, тиббиёт ходимлари уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрламаслик ҳақида кўп бора огоҳлантиришига қарамасдан бундай ҳолатлар содир бўлиши камаймаётгани эътироф этилди. Ботулизмнинг олдини олиш учун санитария талабларига жавоб берадиган маҳсулотлардан тайёрланган таомларни истеъмол қилиш лозимлиги, ҳар бир оила аъзоси шахсий гигиена қоидаларига риоя этиши, овқат тайёрлайдиган инсон маҳсулотларни истеъмолга яроқлилигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг ишлатиши кераклигини кенг аҳоли қатламига етказиш чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди.
Маълумки, консерва қилинадиган айрим сабзавот маҳсулотлари, яъни пиёз, саримсоқпиёз, карам, помидор, бодринг, бақлажон, ҳар хил кўкатлар ерда ўсгани учун микроблар билан ифлосланади. Ишлов бериш технологияси бузилганда шу микроблар тайёр маҳсулотга ўтиб, унда кўпая бошлайди. Сабзавот ва мева консервалари микроблар ўсиши учун қулай шароит ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бундай ифлосланган маҳсулотларни билмасдан истеъмол қилиш заҳарланишга олиб келиши, айрим ҳолларда кучли заҳарланишдан ўлим рўй бериши ҳам мумкин.
Семинарда иштирок этган соҳа ходимлари ана шундай вазиятларда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш кераклигини, акс ҳолда, касалликнинг оғир шакллари – юрак, қон-томир ва нафас тизими хасталиклари юзага келиши, бунинг натижасида беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши, касалликни уй шароитида даволаш оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини аҳоли ўртасида имкон қадар кенгроқ тушунтириб бориш лозимлигини таъкидлашди. Шунингдек, соғлом турмуш тарзига, соғлом овқатланиш қоидаларига риоя қилиш, ботулизм касаллигининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар ҳақида тушунчалар бериб ўтишди. Одамлар ва ҳайвонлар орасида куз-баҳор ойларида учрайдиган яна бир касаллик – қутуришнинг олдини олиш борасида ҳам ҳамкорликда ҳаракат қилиш, мавжуд муаммоларни жойида бартараф қилиш, қолаверса, қутуриш касаллигининг аломатлари пайдо бўлганда, ушбу касалликнинг олдини олиш чоралари тўғрисида ҳам атрофлича сўз юритилди.
Семинарда иштирокчилар куз-қиш мавсумида тарқалиши мумкин бўлган касалликлар ва уларнинг олдини олиш чоралари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
А.Утебаев, туман ФВБ бўлинма бошлиғи

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶