БОҒЧА ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРИГА ЁНҒИНДАН САҚЛАНИШ ҚОИДАЛАРИ ЎРГАТИЛДИ
Кексаларнинг “ўт балосидан, сув балосидан асрагай” дея дуо қилишлари бежиз эмас. Сабаби тилсиз ёв – ёнғинларнинг ҳар йили қанчадан-қанча давлат ва шахсий мулкларга зиён етказиб, улкан-улкан бозорлар расталари ёниб кетаётгани барчага аён.
Бунингдек кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 4 августида ҳукуматимизнинг “Ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 сентябрдан мунтазам равишда “Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий кампанияси амалга оширилади.
Унда таълим ташкилотларида ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин содир бўлган вазиятда ҳаракат қилиш бўйича батафсил услубий машғулотлар ўтказиш, давлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотлар иш жойларида ёнғин хавфсизлиги бўйича ўқитишни ташкил этиш, жамоат жойларида, таълим ташкилотларида, иш жойларида ва турар жой комплексларида ўт ўчириш бўйича амалий машғулотлар ўктазиш орқали аҳолининг, ёшларнинг, болаларнинг ёнғиндан сақланиш борасида билим ва кўникмаларини шакллантириш мақсад қилинган.
Жорий йилнинг 1 сентябридан Республикамизнинг барча ҳудудларида кенг жамоатчилик жалб қилинган ҳолда “Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий кампаниясини амалга ошириш чора-тадбирлари бошланиб кетди.
Амударё туманида ҳам мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида, корхона, ташкилотларда ёнғиндан сақланиш қоидалари кенг тарғиб қилинаётир, ёнғинларнинг олдини олишга ҳамма ва ҳар бир одам масъул эканлиги, ёнғин хавфининг олдини олишга бепарволик қилиш оғир оқибатларга олиб келиши аҳолига кенг тушунтирилмоқда. Шунингдек, куз-қиш мавсуми олдидан хонадонларда электр ва табиий газдан фойдаланишда ишлатиладиган ускуналарнинг созлигини назоратдан ўтказиш лозимлиги, аниқланган камчиликларни тезкор бартараф этиш кераклиги тарғиб этилмоқда.
“Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий кампаниясида белгиланган вазифалар доирасида яқинда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан 6-сонли Мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчиларга ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш бўйича профилактик тадбир ўтказилди.
Тадбирда ушбу ташкилот ходимлари, тарбияланувчилари иштирок этди. Уларга туман Фавқулодда вазиятлар бўлимининг Профилактика ва назорат бўлинмаси инспектори Шербек Эркинбоев, ушбу бўлинма кичик инспектори Икром Бекмурзаевлар ёнғиндан сақланиш, очиқ олов билан ўйнамаслик, электр, табиий газ ускуналарига тегинмаслик лозимлигини тушунтирдилар. Шунингдек, болажонларга ёнғин ва унинг салбий оқибатлари акс этган расмлар намойиш этилди ва уларга ушбу расмларни бўяш топширилди. Ушбу машғулот давомида кичкинтойларнинг ёнғин оқибатларидан жуда таъсирлангани, буни буёқларда акс эттиришга интилиши яққол намоён бўлди.
Тадбир охирида ташкилот тарбиячилари, мураббийлари ва тарбияланувчилари иштирокида ёнғин ҳодисаси содир бўлганда тўғри ҳаракат қилиш ва хавфсиз ҳудудга чиқиш бўйича амалий машғулот ўтказилиб, болажонларнинг мавзу доирасида олган билимлари мустаҳкамланди.
Бунингдек профилактик тадбирлар туманимизнинг барча ҳудудларида мунтазам ўтказиб борилади.
Ойгул РАЖАБОВА

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶