“ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР САЛОМАТЛИГИ ОЙЛИГИ” АКЦИЯСИ ДОИРАСИДА ЎҚИТУВЧИЛАР УЧУН ЧУҚУРЛАШТИРИЛГАН ТИББИЙ КЎРИК ЎТКАЗИЛМОҚДА
Авлодлар баркамоллиги ва жамият соғломлиги дастлаб бола дунёга келган оиласида ва мактабда уларга берилган таълим-тарбия сифатига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шу боисдан ҳам устоз мураббийларни қўллаб-қувватлаш, меҳнатларини муносиб баҳолаш борасида кейинги йилларда кўпгина саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратишга эътибор кучайтирилмоқда.
Дарҳақиқат, юрт устоз-мураббийлар меҳнати самарасидан обод, фаровон, тинч ва осойишта. Юртимизда истиқомат қилувчи устоз-мураббийларга халқимизнинг ҳурмат-эҳтироми сифатида Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги” акцияси ўтказилаяпти.
Жорий йилнинг 20 июль куни туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникасида ойлик доирасида ўқитувчилар учун акция тиббий кўрик ташкил этилди. Шунга мувофиқ туман Мактабгача ва мактаб таълими муассасаларининг 137 нафар ходимлари ЭКГ, УТТ, лаборатория текширувлари, шунингдек, кардиолог, невропатолог, уролог, гинеколог, офтальмолог ва эндокринолог каби тор соҳа мутахассислари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида соғлиғида муаммо аниқланганлар шифокорлар назоратига олинди. Шунингдек касаллик аниқланган ходимларга ҳолатига қараб, стационар ва амбулатор шароитда даволанишга тавсиялар берилди.
Тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида устоз-мураббийларга шифокорлар соғлом турмуш тарзи умуммиллий ҳаракати дастурларини амалга ошириш мақсадида улар билан индувидуал суҳбатлар ҳам ўтказишмоқда.
“Ўқитувчи ва мураббийлар ойлиги” акцияси доирасидаги тиббий кўриклар давом этмоқда.
Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимизда ҳам ушбу тадбир барча мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритувчи ўқитувчилар ва мураббийларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида ташкиллаштирилган тадбир 12 июлдан 10 августга қадар давом эттирилади.
Мазкур акция доирасида тиббий кўрик туман Тиббиёт бирлашмаси, кўп тармоқли марказий поликлиникасидан ташқари қишлоқ оилавий поликлиникаларида ҳам ўтказилмоқда. Тиббий кўрик давомида акция доирасида антропометрик ўлчовлар, скрининг, диагностика ва инструментал текширувлар, замонавий лаборатория таҳлиллари тизим ходимлари учун бепул амалга оширилмоқда.
Ёш авлодга таълим-тарбия беришдек машаққатли касб эгалари бўлган ўқитувчилар ҳар йили янги ўқув йили бошланиши олдидан тиббий кўрикдан ўтиши лозим эди. Бу ҳол баъзан айримлар учун ноқулайлик келтириб чиқарар эди. Боиси тиббий кўрик учун аввал банк орқали пул тўланиши лозим эди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан жорий ўқув йили олдидан ташкил этилган акция устоз-мураббийлар ҳурмат ва эҳтиром рамзи бўлди десак, адашмаган бўламиз.
Ҳозир ҳувиллаб ётган муҳташам мактаблар бағри ҳадемай яна болажонлар билан гавжум бўлади. Устоз-мураббийлар учун эса таътил поёнига етай деб қолди. Улар ўзларига кўрсатилаётган эътибордан мамнун ҳолда севимли касбини хушнудлик билан бошлайдилар.
Фахриддин АБДУЛЛАЕВ, туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶