БОШЛАНҒИЧ СИНФЛАР ЎҚУВЧИЛАРИГА БЕРИЛАЁТГАН ЕНГИЛ НОНУШТА ТАЙЁРЛАНИШИ ВА ТАРҚАТИЛИШИНИ ОММАЛАШТИРИШГА ОИД СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги 2022 йил 28 январдаги Фармонига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги бошланғич синф ўқувчиларини босқичма-босқич бепул овқат билан таъминлаш тизимини йўлга қўйиш белгиланган эди. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августда 472-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ижроси юзасидан туманимизда муайян ишлар қилинмоқда. Мавжуд 85 та умумий ўрта таълим мактабларининг 1-4 синфлари ўқувчиларини бепул овқатлантириш ташкил этилган ва ҳозирги кунга қадар давом эттирилмоқда.
Амударё туманидаги 85 та мактабларнинг жами бошланғич синфларининг14 минг 769 нафар ўқувчиларига 4 та масъулияти чекланган жамиятлар томонидан енгил нонушта етказлиб берилмоқда, “Шохнур Aзатович”, “Наврўз”, “Манғит милк”, “Табассум” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан мактаблар кесимида енгил нонушта етказалиб берилмоқда.
Шуни эътироф этиш керакки, ўқувчиларга сифатли енгил нонушта тайёрлаш ва етказиб беришда “Наврўз” масъулияти чекланган жамияти базаси Қорақалпоғистон Республикасида энг намунали база деб топилди. Бу ерда туманимиздаги 30 та мактабнинг 4983 нафар бошланғич синф ўқувчиларига кейтеринг усулида енгил нонушта тарқатиб келинмоқда. Таомномадаги озиқ-овқат маҳсулотларининг 60 фоизи жамиятнинг ўзида ишлаб чиқарилади ва шу куннинг ўзида қадоқланиб, 30 та мактабга етказиб берилмоқда. Ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида ишчи гуруҳ аъзолари 1-4 синфлар ўқувчиларига берилаётган енгил нонушта маҳсулотларининг тайёрланиши ва тарқатилишини кўздан кечириб, жараён намунали йўлга қўйилганлигини қайд этишмоқда.
“Наврўз” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилаётган ўқувчиларга енгил нонушта тайёрланиши ва етказилиб берилиши борасидаги саъй-ҳаракатлар нафақат туманимизда, балки, республика миқёсида ҳам ибратга лойиқ. Шунинг учун уларнинг тажрибаларини оммалаштириш, келгуси 2023-2024 ўқув йилидан барча вилоятларда татбиқ этиш мақсадида яқинда амалий семинар бўлиб ўтди.
“Наврўз” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтган амалий семинарда Қорақалпоғистон республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъуллари, барча вилоятлар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларининг соғлом овқатлантириш бўлими бошлиқлари, вилоят санитория эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиқлари, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари иштирок этдилар.
Айтиш керакки, мактабларда 1-4-синфлар ўқувчиларини соғлом овқатлантириш мактабларнинг ошхоналарида ва синф хоналарида санитария ва гигиена қоидалари, нормалари талабларига мос шарт-шароитлар яратилган ҳолда ташкил этилмоқда. Бу борада мактабларда махсус комиссиялар ташкил қилинган бўлиб, комиссия таркибига мактабнинг директори, ҳамшира, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, мактабнинг амалиётчи психологи ва синф раҳбарлари ва ота-оналар вакиллари киритилган. Улар кунлик ҳисоботларини, 1-4-синф ўқувчилар давоматини туман Халқ таълими бўлимига ҳар куни бериб боради ва ҳисоботлар умумлаштирилиб, kundalik.com тизими билан солиштирилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига етказилади.
Шунингдек, умумий ўрта таълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчиларини кейтеринг усулида бепул овқатлантиришнинг стандарт талабларига мослигини кундаликли кўрикдан ўтказиб бориши бўйича туман ҳокимлигининг баёни асосида ишчи гуруҳ тузилди ва ушбу гуруҳ ҳам ўқувчиларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг белгиланган талабларга мослигини, озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария-гигиена талабларига жавоб беришини, озиқ-овқат маҳсулотларининг таомномага мослиги ва миқдорларини кўрикдан ўтказиб туради.
Семинарда иштирокчилар бошланғич синфлар ўқувчиларига меню бўйича енгил нонушта, яъни қумоқ хамирли печенье, ёнғоқли кекс тайёрланиш жараёни кўрсатиб берилди. Бу ишларда санитария қоидалари ва нормаларига тўлиқ риоя қилинишига эътибор қаратилди. Шунингдек, меваларнинг махсус совутгичда сақланиши, тайёр маҳсулотларнинг контейнерларга жойлаштирилиш жараёни ва махсус автомашиналарда белгиланган мактабларга етказилиш амалиёти ҳам кўрсатиб берилди.
Семинар иштирокчилари “Наврўз” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Озод Қурбонбоевдан ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, батафсил жавоблар олдилар.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶