ОНАГА ЭҲТИРОМ
(Мунис ва меҳрибон онажонларга бағишлайман.)
Уйимизнинг тўрида онажоним сандиғи,
Ўзи ёруғ дунёдан ўтганига кўп бўлган...
Очиб кўрсам, ичида муштипарим тортиғи,
Невара-ю чевара, эварага аталган.
Тадориклар кўриб у бақога кетар палла,
Ҳатто биздан кейинги авлодини ўйлабди.
Қўли ҳалол бўлган кун киярми, деб тўйбола,
Ўзбаки тўн, белбоғнинг асилини сайлабди.
Сандиқ тўла сарполар энг табаррук сеп бўлди,
Қиз узатсак, қизларга, ўғилларга етгулик.
Камларимиз тўлдириб, умримизга зеб бўлди,
Онажоним ҳадялари кўзга сурма этгулик...
Билсам, барча оналар орзулари ўхшайди,
Дунёни тинч кўрмоқлик, эл-у юртни ободон.
Топганини тўйга, деб меҳрин қўшиб тахлайди,
Орасига яшириб, кулча нон ила райҳон.
Ана, азиз оналар, ўлтиришар қўр тўкиб,
Сийратлари бетакрор, меҳри уммон – фаришта.
Ҳаёт қўйган синовлар қўйса-да қаддин букиб,
Ҳамон улар сабрда мудроқ дилларга ришта.
Арслон қишлар бағрида, у матонат малаги,
Сувлар келса - симириб, тоғдай дардни кўтарган.
Асли дунё дунёмас, у оналар юраги,
Тун-у кунлар беором, бешигин қучиб турган.
Дуога қўл очсалар, Аллоҳимдан шарофат,
Элга етгай манфаат, насибамиз улуғдир.
Кичкина жуссасида қудратли куч, салобат,
Онажонлар бор учун ҳаётимиз тўлуғдир.
Янги либос киймоқни неча бор ортга сурган,
Боласидан айириб, туз тотмаган оналар.
Чеварасин опичлаб, қувончдан учиб юрган,
Сандиқлари тўлса-да, ҳеч тинмаган оналар!
Қучоғингиз кенг очиб, келдингми, деган сўздан,
Онажоним нафасин ҳис этаман бахтиёр.
Айтарлар, меҳр кўзда, йироқ бўлма, деб кўздан,
Аллоҳ Сиздан қўймасин меҳрингизга этиб ёр.
Бор бўлинг онажонлар, Сизга меҳримни тутдим,
Ҳавасим бор, Сиздайин мўътабар бўлгим келар.
Сиз бор жойда азизлар, бор дунёни унутгум,
Пойингизга тўкилиб, пояндоз бўлгим келар!
Робия Йўлдошева

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶