ЎҚУВЧИ-ЁШЛАР ТАНИҚЛИ ИЖОДКОРЛАР БИЛАН УЧРАШДИЛАР
Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш мақсадида умумтаълим мактабларида турли мавзуларда тарғибот тадбирлари амалга оширилаётгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Давра суҳбатлари, таниқли ижодкор-журналистлар, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, маънавий-маърифий йўналишдаги синфлараро ва гуруҳлараро завокат беллашувларида янги-янги истеъдод ғунчалари кашф этилиб, мактабларда фаолият олиб бораётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар томонидан ижодкор-ёшлар билан ишлашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий 2022 йилда “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти қошидаги “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқарув институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Ёшлар – янги Ўзбекистон бунёдкорлари” грант лойиҳаси доирасида чоп этилган “Уммондан терилган маржонлар” тўпламидан 84 нафар амударёлик ижодкор ўқувчи-ёшларнинг шеър ва ҳикоялари жой олгани фикримизнинг яққол далилидир.
Амударё тумани Халқ таълими бўлими тасарруфидаги 55-сонли умумтаълим мактабида Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли журналист Хонимжон Ражабова ижодий-маданий масалалар бўйича тарғибот ишларини олиб боради.
26 ноябрь куни Хонимжон Ражабова томонидан ташкиллаштирилган “Маънавият сабоқлари” мавзусидаги маънавий-маърифий учрашув тадбирида “Уммондан терилган маржонлар” тўпламида шеърлари чоп этилган ўқувчилар, шунингдек, адабиётга, шеъриятга ихлосманд ёшлар билан самимий мулоқотлар ўтказилиб, шеърият талаблари хусусида машғулотлар олиб борилди.
Қизиқарли таассуротларга бой тарзда ўтган учрашув тадбирида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” Миллий мукофоти совриндори, таниқли шоира Зулфия Мўъминова иштирок этгани ижодкор ёшларга чексиз қувонч бағишлади.
Зулфия Мўъминова мактабнинг ёш, иқтидорли ижодкор ўқувчилари билан янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлидаги ўзгаришлар, адабиёт оламидаги янгиланиш жараёнлари ҳақида сўз юритиб, ўзининг шеърларидан ўқиб берди.
Учрашув якунида мактаб директори Даврон Ариков ўзининг сермазмун суҳбати, мароқли шеърлари билан ўқувчи-ёшлар қалбига маънавий гўзаллик бахш этгани учун Зулфия Маъминовага чин дилдан миннатдорчилик билдирди.
Шу куни таниқли шоира 1-сонли мактабнинг “Ёш журналист ва нотиқ” тўгараги аъзолари билан ҳам учрашди. Мазкур мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси, шоира Зулфия Оллаёрова томонидан ташкиллаштирилган учрашувда ўқувчи-ёшлар Зулфия Мўъминова ва Хонимжон Ражабовалар билан дилдан, самимий суҳбат қурдилар. Шу билан бирга XXI аср ўзбек шеъриятининг ёрқин намаяндаларидан бири ҳисобланган Зулфия Мўъминованинг янги шеърларидан баҳраманд бўлдилар. Ўз навбатида мактабнинг “Ёш журналист ва нотиқ” тўгараги аъзолари ҳам ижод намуналаридан ўқиб бердилар.
Учрашув давомида Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Баркамол авлод” ижодкор болалар мактаби директори, журналист Хонимжон Ражабова ва севимли шоира Зулфия Мўъминоваларнинг ҳаёти ҳамда ижодий фаолиятлари юзасидан ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар ва барча саволларига жавоблар олдилар.
Бўлиб ўтган учрашув ўқувчи-ёшлар қалбида адабиёт, она Ватанга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶