ЧОРВАДОРЛАР ҚИШ МАВСУМИ УЧУН ЕТАРЛИ ОЗУҚА ЖАМҒАРИШМОҚДА
Мамлакатимиз аҳолисини арзон ва сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш борасида амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Чорвачиликни тараққий эттириш учун ушбу фаолият тури билан шуғулланувчи фермер хўжаликларига имкониятлар яратилмоқда, соҳани ривожлантиришга доир тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, уларга субсидиялар, имтиёзли кредитлар ажратилаётганлиги ўзининг ижобий самараларини бераётир.
Соҳани ривожлантиришга бутун мамлакатимизда бўлгани сингари Амударё туманида ҳам улкан эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирги кунда тумандаги барча тоифадаги хўжаликларда 178 мингдан ортиқ бош қорамоллар намунали парвариш қилинаяпти. Қорамоллар наслини яхшилаш мақсадида 2022 йил давомида туман бўйича жами 11 миллиард 327 миллион сўмлик 10 та лойиҳалар бажарилиши белгиланган. Шунинг 5 таси қорамолчилик, 3 таси паррандачилик, 2 таси балиқчилик йўналишидадир.
Мавжуд қорамолларни тўйимли боқиш учун 1 минг 862 гектар табиий яйловлар мавжуд. Бундан ташқари 1 минг 926 гектар ер майдонларга озуқабоп экинлар жойлаштирилган. Шунинг 240 гектарига беда, 106 гектарига силос учун маккажўхори, 1 минг 580 гектарига оқжўхори экилган.
Чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган бунингдек саъй-ҳаракатлар эвазига ҳар йили 16 минг 622 тонна гўшт, 65 минг 465 тонна сут етиштирилади.
Шавкат Ҳайдаров раҳбарлик қилаётган чорвачиликка ихтисослашган “Хўжакўл” фермер хўжалигида 215 бош қорамол ветеринария қоидалари асосида боқилаяпти. Хўжаликда боқилаётган йирик шохли қорамолларнинг наслини яхшилаш, шу йил билан маҳсулот етишитиришни кўпайтиришга улкан эътибор берилмоқда.
Айни кунда хўжалик далаларидаги маккажўхори поялари ўрилиб, қишлов мавсуми учун силос тайёрланмоқда. Бу ишларга хўжаликнинг комбайни ва иккита транспорт трактори жалб этилган.
Хусусан, 2018 йилда Польшадан 66 бош гольштейн зотли, 2020 йилда Германиядан сементал зотли наслли қорамоллар келтирилди. Сигирларни махсус ускуналарда хўжаликнинг 3 нафар ишчилари соғишади. Хўжаликда етиштирилган сут шартномага мувофиқ ҳар куни Нукусдаги сутни қайта ишлаш заводига етказиб берилади.
Йирик шохли қорамоллардан маҳсулот олишни кўпайтириш мақсадида хўжалик ишчилари томонидан тўйимли боқилиб, ўсиши ва соғломлиги ҳар куни назорат қилиб борилади.
Хўжаликда чорва молларини тўйимли озуқа билан боқиш мақсадида 40 гектар майдонга маккажўхори, 15 гектар майдонга беда, 2 гектар майдонга сабзи, 1 гектар майдонга қовоқ, 2 гектар ерга лавлаги экилиб, мўл ҳосил етиштирилаяпти.
Бу ишларга 17 нафар ижарачи жалб этилган. Улар ўзларига қарашли ерлардаги озуқа экинларини агротехника қоидалари асосида парваришлаши туфайли гўшт ва сул етиштириш бўйича яхши натижаларга эришмоқдалар.
Чорваси тўқнинг – кўнгли тўқ. Туманимиз чорвадорлари қишлов мавсуми олдидан етарли озуқа тайёрлаб, йил давомида халқимизни сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш йўлида астойдил меҳнат қилмоқдалар.
Маҳмуджон Шомуродов.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶