ОППОҚ ТОНГ КУЙЧИСИ
1 март – Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхоним таваллуд топган кун
“… тоғдек бардоши билан вафо ва садоқат рамзига айланган Зулфия опа сингари аёллар ҳар қандай юксак ҳурмат ва эҳтиромга муносибдир”
(Ислом Каримов)
Ўзбек аёлининг чинакам тимсоли, бахт ва ҳаёт куйчиси, фидойи ўзбек халқини, тиним билмас элини ўз шеърларида мадҳ этган, вафо ва садоқат рамзи, сабр-у матонати билан ҳаммага ўрнак бўлаоладиган атоқли ўзбек шоираси Зулфияхоним сиймосида ҳам инсонийлик, ҳам аёллик фазилатларининг мужассамлашганини кўришимиз мумкин.
Мамлакатимизда аҳли ҳар баҳорни шоира Зулфия Исроилова таваллуд топган кунни нишонлаш билан кутиб олиш анъанага айланган. Севимли шоирамиз Зулфиянинг ҳаётий ва ижодий мероси, айниқса, Шарқ қизларига, аёлларига ўрнак бўладиган маънавий дунёси, ахлоқий қиёфаси халқимиз томонидан юксак қадрланиб келинмоқда.
Зулфияхоним шахсидаги буюкликнинг яна бир илдизи унинг устозлик мақоми билан чамбарчас боғлиқ. У ўз даврида “йилт” этган истеъдоди кўзга ташланган ҳар бир ёш ижодкорнинг юриб келаётган сўқмоқларини катта йўлларга туташтирган инсон. Шунингдек, Зулфияхоним ўз шогирдларининг ижод маҳсулларини меҳр назаридан ўтказиб, уларга чинакам ижоднинг сеҳрини, жилвасини кўрсатиш билан бир қаторда ҳар бирининг учун ўзини жавобгар ҳис этганлар. Бу - устозликнинг, устозлик мақомининг олий белгисидир. Бугунги кунда Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари сафининг кундан-кунга ортиб бораётганини кўриб, уларга ҳавасимиз келади. Зеро, Зулфияхонимнинг ўзи орзу қилганидек,
Мен кетсам, мунғаймас умрим ҳеч қачон,
Бу боғлар бир боғ бўлади ҳали…
Ҳаётни, борлиқни қандай кўриш инсоннинг ўзига, яъни “қараш услуби”га боғлиқ. Шоира ҳаётга умид билан, ишонч-у орзулар билан боқди ҳамда шеърларида ҳам ҳаётни куйлади.
Ўзбек шеъриятининг пештоқидаги ёрқин юлдузи Зулфияхоним номини биз ҳамиша юксак эҳтиром ила тилга оламиз. У вафо ҳамда муҳаббатни тараннум этувчи етук шоирадир. Унинг ҳаёт йўли, ижоди билан яқиндан танишар эканмиз, шоиранинг ҳақиқатан ҳам комил инсон даражасига етганининг шоҳиди бўламиз. Зулфияхоним ўз шеърлари орқали ўқувчини ҳамиша самимий, иродали бўлишга, ҳаётни ва азиз юртни ардоқлашга истиқлолнинг қадрига етиб, юрт равнақи йўлида хизмат қилиш олий фазилат ва мажбурият эканлигини англаб яшашга чорлайди.
Лайло Олимова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶