Жайхун илҳомлари
Она тилимга
Ўтган асрлардан миннатдорман мен,
Шу давр олим-у шоиридан ҳам.
Аждодлар туфайли бугун авлодлар,
Она тил бойлигин кўрмоқда баҳам.
Оналарга раҳмат, аллалар айтган,
Эртаклар сўйлаган момоларга ҳам.
Барида болалар учун дунёнинг,
Барча-барча сеҳр-у амаллари жам.
Навоий бобомдан миннатдорман мен,
Имкониятин очган туркий каломнинг.
Шу сабаб ушбу кун ўзбекни танир,
Шеърият мухлиси бутун оламнинг.
Она тилим, сени алқаб юраман,
Шеър ўқиб, қаерга етса оёғим.
Чунки сенсан менинг, токи ҳаётман,
Йўлим кўрсатувчи порлоқ маёғим!
Аҳмад НАФАСОВ.
Қайтар дунё бу
Яхшиликни асло яшириб бўлмас,
Борини боридек айтар дунё бу.
Ёмонликни ҳаддан ошириб бўлмас,
Не қилсанг ўзингга қайтар дунё бу.
Ёлғончи дунё деб жар солма инсон,
Беш кунлик дунёга ҳаммамиз меҳмон.
Кенг карамли, ёлғиз Аллоҳга ишон,
Борини боридек айтар дунё бу,
Не қилсанг ўзингга қайтар дунё бу.
Кимдир ғийбат қилиб қийнар жонингни,
Биров кўролмайди топган шонингни,
Баракаси бўлсин дастурхонингни,
Борини боридек айтар дунё бу,
Не қилсанг ўзингга қайтар дунё бу.
Эгри йўлдан юриб бойлик излама
Ғойибдан келажак дунё кўзлама.
Яхши сўз сўзлагил ёмон сўзлама,
Борини боридек айтар дунё бу,
Не қилсанг ўзингга қайтар дунё бу.
Шомурод доимо бўлсин омонлик,
Барчамиз бўлайлик яхши томонлик.
Яхшилик қилмасанг, қилма ёмонлик,
Борини боридек айтар дунё бу,
Не қилсанг ўзингга қайтар дунё бу.
Шомурод ХЎЖАНОВ,
Дўрман овули.
Дада
(Дадажоним хотирасига)
Биламан, кузатасиз мени самодан,
Доим тилаб турасиз омад-у бахтлар.
Кўзларим кўрмаса-да қалбим сезади,
Менинг қаҳрамоним, қалқоним, дада.
Тўғри йўл кўрсатиб укаларимга,
Яхшиликни ўргатаман уларга.
Сиз кўрмаган энг бахтиёр кунларни,
Онажоним кўради ишонинг, дада.
Йиғламайман, ҳеч тўкмайман ёш,
Биламан, қувонсам, қувонасиз сиз.
Дадажон, ишонинг Руҳшонангизга,
Онамни бахтиёр қилгум, кўрасиз.
Бугун Сиз севган улуғ кун келди,
Мустақил Ватаним ўттизга тўлди.
Элим деб, юртим, деб яшаган мардлар,
Қаторида номингиз тилларда бўлди...
Руҳшона Саидмамбетова,
62-мактаб ўқувчиси.
Посбонлар
Сизни учратаман тоғда, далада,
Хизматда ҳамиша қорда, жалада.
Сизга куч берсин, сизга сабот берсин,
Буюк зотлар руҳи шундай паллада.
Ҳар кун қуёш билан соғ кўришиб юз,
Уйдан омон чиқиб, омон қайтингиз.
Ризқи улуғ бўлсин, кўкси тоғ бўлсин.
Хонадонингиз-у, мамлакатингиз!
Йўллар тинч бўлсин, осмон оқ бўлсин.
Баҳор майсалари кўкчироқ бўлсин.
Ватанга содиқ эй фидойилар,
Поклигингиз сизга йўлчироқ бўлсин.
Байрам Кенжаев,
6-сонли мактаб ўқувчиси.
Яхши инсонни
Биров ейди яшамоқ учун,
Кимдир емоқ учун яшайди.
Ҳис қилади ҳаётнинг завқин,
Иккинчи ямлаб ташлайди.
Унда бордир на номус, на ор,
Томоғидан ўтгани фойда.
Нафси учун ҳар нега қодир.
Хоинлик ҳам қилар ҳар жойда.
Нафсига қул бундай бандалар,
Сотар дўстни ўтирган жойда.
Унга нафси бўлса бўлгани,
Кўрса бўлди бир ўзи фойда.
Бундайлардан узоқ юр, йироқ,
Ҳар қадамда кетади сотиб.
Эргашсанг гар у билан, бироқ,
Ботқоқларга кетасан ботиб.
Емоқ учун яшама, ҳаргиз,
Яшаш учун егин озгина.
Озғин бўлма, бўлмагин семиз,
Ҳеч кимсадан қилмагин таъма.
Эл ичида бўлсин ўз ўрнинг,
Кўринмасанг изласин сени.
Инсофсизни ким ҳам изларди,
Соғинсинлар ҳар дамда сени.
Шундай инсон яшар барҳаёт,
Ўлса ҳамки ўчмагай номи.
Кўпчиликнинг қалбида яшар,
Унутмаслар яхши инсонни.
Фарҳод Аваз.
Шукрона қил
Кўзинг кўриб, йўл топиб,
Юрганингга шукур қил.
Кеча ётиб, эрта турган,
Ҳар кунингга шукур қил.
Аллоҳ ноз-неъматларни,
Чексиз инъом этган, бил.
Кўзингга суртиб уни,
Асрагин, истеъмол қил.
Оқ билан қоп-қорани,
Ажратмоқни ўзинг бил.
Ҳар нарсани жуфти билан,
Яратганга шукур қил.
Ҳаётда сен борлигинг,
Омадингдир, бахтингдир.
Қанча гўдак туғилиб,
Яшамаган, шуни бил!
Дилфуза Султонова.
Мактабим
Мактабим – бу нурхона,
Билим берган куч берган.
Теран боқдим жаҳонга,
Интилиш, омад берган.
Устозлардан ўрганиб,
Илм йўлин тутайлик.
Яхши-ёмонни таниб,
Эзгуларга етайлик.
Азиза ЖУМАБОЕВА,
6-сонли мактаб ўқувчиси.
Укамга
Асалтойим менинг, ширинтой укам.
Жажжи қўлларингдан ўзим айланай.
Кўзларинг чақнайди қуёш мисоли.
Юзларинг гўёки баҳор тимсоли.
Сенинг тимсолингда отамни кўрдим,
Юзларинг чиройли сўзларинг ширин.
Сенинг кулгунг билан нурлидир куним,
Қарашингда бахт яширин.
Мафтуна Яхшимуродова,
22-сонли мактаб ўқувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶