ЎзЛиДеПдан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ишончли вакили сайловчилар билан учрашди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал Демократик партиясидан президентликка кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ишончли вакили, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абатбай Данияров 7 октябрь куни Амударё тумани сайловчилари билан учрашди. Туман Маданият марказида бўлиб ўтган Президентликка номзоднинг ишончли вакили билан сайловчилар учрашувига бағишланган тадбирни Ўзбекистон Либерал Демократик партияси туман Кенгаши аппарат раҳбари Мадамин Казаков очди ва олиб борди.
Сайловчилар билан учрашув давомида Абатбай Данияров президентликка номзоднинг сайловолди дастури билан учрашув тадбири иштирокчиларини батафсил таништирди. Президентликка номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган ташаббуслар, пухта ўйланган режалар, янги ғоя ва фикрларга, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, айниқса, қишлоқлар инфратузилмасини замон талаблари даражасига кўтариш, тиббиёт, таълим, энергетика, маданий-маърифий, қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича белгиланган устувор вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Президентликка номзоднинг сайловолди дастурида белгиланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадлари камида 2 баробар оширилиб, унинг йиллик ўсиш суръатлари эса камида 5 фоизга етказлиши, қишлоқ хўжалигида давлат аралашувига барҳам берилиб, эркин бозор муносабатлари жорий қилиниши, деҳқонлар учун субсидиялар ажратилиши, соҳадаги кластерлар ва фермерлар фаолиятини молиялаштириш ва суғурталашнинг мутлақо янги механизмлари жорий қилиниши кўзда тутилаётгани ҳақида таъкидлаб ўтилди.
Бундан ташқари, номзоднинг сайловолди дастурида ҳар бир йўналишда амалга оширилиши кўзда тутилган стратегик мақсад ва вазифалар аниқ ифодалаб берилган. Хусусан, 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 4 минг доллардан оширилиши ва мамлакатимизни даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киритиш, саноат маҳсулотлари ҳажми ва унумдорлигини ошириш учун шароит яратилиши, рақамли иқтисодиёт асосий “драйвер” соҳага айлантирилиб, унинг ҳажмини камида 2 ярим баробар оширишга қаратилган ишларни олиб бориш каби кўплаб стратегик вазифалар хусусида ишончли вакил томонидан сайловчиларга тўлиқ маълумотлар берилди.
Учрашув давомида сўзга чиққан Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зебогул Ражабова, меҳнат фахрийси Турсунбой Абдуллаев, 16-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Юлдуз Турсунбоевалар ўзлари истиқомат қилаётган маҳаллалар, меҳнат қилаётган соҳаларини, оилалар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган қамрови кенг ишлар мисолида сўнгги йилларда ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олган янгиликлар, ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирдилар ҳамда барчани 24 октябрь – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кунида Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватлашга чақирдилар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶