Аҳолининг тиббиётга оид муаммолари ўрганилди
Мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда ҳал қилиш борасида мутлақо янгича тизим яратилди. Инсонларнинг муаммоли масалалари масъулларнинг диққат марказида бўлиб, уларга ҳар томонлама амалий ёрдам берилмоқда.
Жорий йилнинг 12 август куни Амударё туман ҳокимлигида аҳолининг тиббиётга оид мурожаатларини ўрганиш, муаммоларга жойида ечим топиш ва уларни ижобий ҳал қилишга қаратилган сайёр қабул бўлиб ўтди.
Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов, Ўзбекистон Республикаси Вирусология институти директори Ботир Таджиев, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Фаҳриддин Абдуллаев ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этдилар.
Сайёр қабулда масъуллар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар хусусида сўз юритдилар.
Қабул мобайнида фуқаролар томонидан 15 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларнинг асосий қисми ногиронлик гуруҳини белгилаш, дори-дармон билан таъминланишда, таянч-ҳаракат аъзолари, асаб тизими, буйрак ва нафас йўллари хасталикларидан даволанишда амалий ёрдам сўраш мазмунида бўлиб, уларнинг аксарияти қабул жараёнининг ўзида ижобий ҳал қилинди.
Сайёр қабул жараёнида аҳолининг муаммоли масалалари тўғридан тўғри ечимга йўналтирилди. Очиқ мулоқотларда хасталиги мавжуд фуқароларнинг ҳар бири хасталигига қараб ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ҳамда республика тиббиёт муассасаларига шу куннинг ўзида йўналтирилиб, зарур тиббиёт амалиётлари бажарилиши белгилаб олинди. Муддат талаб қилинадиган муаммолар юзасидан тегишли соҳа ходимларига топшириқлар берилди.
Айтиш керакки, бугунги кунда жойларда аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу маънода, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мунтазам ташкил этилаётган сайёр қабуллар тиббиёт ходимлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Шундан келиб чиқиб, халқ билан янада самарали мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳаётий эҳтиёж ва талабларини яқиндан билиш, хусусан, юртимизда кўрсатилаётган кафолатланган ҳамда бошқа тиббий хизмат турлари бўйича ҳал этилмаган муаммо ёки таклифларни атрофлича ўрганиб, уларга ўз вақтида ечим топиш муҳим аҳамият касб этади.
Аҳоли саломатлигини тиклаш, инсонларни саломатлиги борасидаги муаммоларини ҳал қилишга ҳар томонлама кўмак бериш мақсадида туманимизда ташкил этилган сайёр қабулда иштирок этган фуқаролар соғлик аталмиш улкан бойликни асраб-авайлашда ўз ёрдамини аямаётган шифокорларга ўз миннатдорлигини билдиришди.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶