ЛЕЙШМАНИОЗ КАСАЛЛИГИ ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?
Лейшманиоз – одамларда ва ҳайвонларда учрайдиган (трансмиссив протозой) касаллик бўлиб, қўзғатувчиси содда турга мансуб бир ҳужайрали организм ҳисобланади ва искабтопар чивинлар чақиши йўли билан юқади. Инсонда иситмалаш, ички аъзолар ёки тери тўқималарининг шикастланиши билан намоён бўлади. Касаллик икки турга бўлинади. Биринчиси весцерал лейшманиоз кўзғатувчилари – жигар, талоқ, лимфа тугунларида ривожланиб аста-секин одам организмининг заҳарланишига олиб келади.
Бу касаллик билан асосан 1 ёшдан 5 ёшгача бўлган болалар касалланади. Касаллик манбаи асосан итлар, бўри, тулки ва бошқалар бўлиши мумкин. Бунда тана ҳарорати 39-40 даражага кўтарилиши билан бошланиб, сурункали кечади, айрим ҳолларда касаллик аста-секинлик билан бошланиб, умумий ҳолсизлик, терининг рангсизланиши, тошмаларнинг пайдо бўлиши билан характерланади. Касалликнинг биринчи аломатлари бошланганда шифокорга зудлик билан мурожаат қилиш керак, чунки касалликнинг натижаси ўз вақтида тўғри ўтказилган даволашга боғлиқ.
Иккинчи тури – тери лейшманиозидир. Терида чивин чаққандан кейин инсон танасидаги инкубацион давр асосан 1-4 ҳафтагача, баъзан 1,5-2 ойгача давом этади ва яра пайдо бўлиб, қичишиш билан бошланади. Терида бир умрлик чандиқ қолишига сабаб бўлади. Касалликнинг бу тури билан барча ёшдагилар касалланиши мумкин. Касалликдан сўнг, мустаҳкам иммунитет пайдо бўлиб, бир умрга сақланади. Жуда кам ҳолатларда кайталаниши мумкин. Касаллик асосан ёзнинг охири, куз ойларида кузатилади.
Искабтопар чивинлардан зарарланмаслик учун кечкурунлари ярани боғлаб қўйиш лозим, чунки касаллик одамдан-одамга искабтопарларнинг чақиши орқали юқади. Шу билан бирга дайди итларга қарши кураш олиб бориш лозим бўлади. Искабтопарлар кўпайишига қарши олиб борадиган чора-тадбирлардан асосийси – бу аҳоли пунктлари ҳамда хонадонларда ободонлаштириш ишларини олиб боришдир. Ана шунда ушбу касалликка чалиниш кескин камайишига эришилади.
Н.МАДИЯРОВА, И.ХОЛМУРОДОВА,
туман СЭОЖСБ врач-энтомолог шифокорлари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶