“ГУЛЛАР БАЙРАМИ” ТАДБИРИДА КЎНГИЛЛАР ШОД БЎЛДИ
Фасллар келинчаги - Баҳорой келиши билан табиат уйғониб, ҳаёт ҳам гўзаллашиб бормоқда. Қушларнинг сайраши, ям-яшил майсаларнинг майин тебраниши инсонда хуш кайфият уйғотади, ҳаётга бўлган қизиқишни тобора орттиради. Мана шундай табиат гўзаллиги инсонда ижод қилишга бўлган иштиёқни янада оширади.
Табиатнинг гўзаллиги бўлмиш гулларнинг очилиши ҳаммага хуш кайфият улашади. Мана шундай баҳор кунларидан бирида туманимизнинг 12-сонли умумтаълим мактабида 6-A синф ўқувчилари иштирокида гулларга бағишланган “Гуллар байрами” тадбири ўтказилди.
Ўқувчилар саҳнани турфа ранг гуллар, ўзлари қўл меҳнати билан ясаган ўрик гуллари, шафтоли гуллари билан, рангли гулқоғозлардан ясалган гуллар, табиий гуллар, ҳатто матоларга тўқилган гуллар билан безашди. Гўё болалар қўллари билан саҳнада баҳор фасли акс эттирилди.
Тадбир қушларнинг сайроғи билан бошланди. Ўқувчилар томонидан “Баҳор вальси”, “Бинафша”, “Қизғалдоғим” қўшиқларига рақслар ижро этилди. Шунингдек, ўқувчилар гуллар ҳақида шеърлар, мақоллар, топишмоқлар, қизиқарли маълумотлар, тез айтишлар айтиб, томошабинларни хушнуд етдилар. Aйниқса, мева ва сабзавотлардан тайёрланган, гуллар шакли берилган салатлар таҳсинга сазовор бўлди. Бундан ташқари, хона гуллари парвариши тўғрисида маълумотлар айтишиб, хона гулларининг инсон руҳиятига таъсири хусусида маълумотлар беришди.
Тадбирнинг бу зайлда ўтишидан ҳамманинг баҳор фаслини соғинганини билиб олиш мумкин эди. Тадбир сўнгида ўқувчилар томошабинларга гуллар совға қилишди. “Гуллар байрами” тадбири ҳаммада илиқ тассурот қолдирди.
Нигора ЎРОЗБОЕВА,
12-сонли мактабнинг биология фани ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶