Оролбўйи минтақасини ривожлантириш учун 10 минг долларгача микрогрантлар ажратилади
Орол денгизи минтақасидаги экологик вазиятни яхшилаш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатиш ҳамда маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири саналади. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда ушбу йўналишда қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, Экология ва иқлим ўзгариши Миллий қўмитаси ҳамда Глобал экологик фонд кўмагида амалга оширилаётган "Aral Sea Wetlands" лойиҳаси ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилувчи муҳим ташаббуслардан биридир.
Мазкур лойиҳа доирасида Орол денгизи ҳавзасида истиқомат қилувчи ва фаолият юритувчи ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ускуна ва техника кўринишидаги махсус микрогрант дастури учун аризалар қабул қилиш бошланди. Ажратиладиган грант маблағининг миқдори 10 минг АҚШ долларигача этиб белгиланган бўлиб, бу тадбиркорлар ва фермерлар учун ўз ғояларини рўёбга чиқаришда улкан имкониятдир.
Ушбу нуфузли грант танлови ҳақида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига атрофлича маълумот бериш, уларнинг лойиҳадаги фаоллигини ошириш мақсадида Амударё тумани ҳокимлиги биносида йиғилиш ташкил этилди. Тумандаги фермерлар ва ҳоким ёрдамчилари иштирокида ўтган мазкур мулоқот давомида грант лойиҳасининг мақсад ва вазифалари, унинг талаблари ҳамда тақдим этаётган имкониятлари хусусида кенг турда маълумотлар берилди.
Таъкидлаш жоизки, дастур аввало биохилма-хилликни асраб-авайлаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни бошқариш каби муҳим йўналишларни ўзида қамраб олади. Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, минтақада экотуризмни ривожлантириш, иқлим ўзгаришларига мослашган инновацион қишлоқ хўжалигини шакллантириш ҳамда яшил бизнес ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлаш мазкур грант лойиҳасининг асосий мезонлари этиб белгиланган. Бу эса, ўз навбатида, нафақат табиатни асрашга, балки янги иш ўринлари яратиш орқали иқтисодий барқарорликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Лойиҳанинг қамров доираси асосан экологик ва иқтисодий жиҳатдан яшил инновацияларга кўпроқ эҳтиёж сезаётган ҳудудларга қаратилган. Хусусан, аризалар Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё ва Мўйноқ туманларида, шунингдек, Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида фаолият юритувчи фермерлар, хусусий тадбиркорлар, оилавий бизнес вакиллари ҳамда турли юридик шахслардан қабул қилинади. Бу ҳудудлардаги ҳар бир яшил ташаббус бутун минтақа экологияси учун ҳароратни мўътадиллаштириш ва табиатни тиклашда муҳим аҳамият касб этади. Грант танловида иштирок этиш истагида бўлган талабгорлар учун аризаларни топширишнинг охирги муддати 2026 йил 31 июль этиб белгиланган.
Бугунги кунда табиатни асраш ва экологик тоза технологияларни ҳаётга жорий этиш барчамизнинг олдимизда турган энг масъулиятли вазифалардан биридир. Шу сабабли Амударё ва Мўйноқ туманларидаги миришкор фермерлар ва ташаббускор тадбиркорларни ана шу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда ушбу микрогрант дастурида фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз.
Зеро, бундай лойиҳалар нафақат шахсий бизнесни ривожлантириш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш учун, балки жонажон диёримиз табиатини келажак авлодлар учун бешикаст етказиш, Оролбўйи минтақасини қайта тиклаш ва янада яшнатиш йўлида хизмат қиладиган энг тўғри ва мақсадли қадамдир.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶