Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилмоқда
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг оғир ҳаётий вазиятга ёки камбағалликка тушиб қолишининг олдини олиш, муносиб турмуш шароитини яратиш ҳамда молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида янги тизим жорий этилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПФ-258-сонли “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармонга мувофиқ, давлат таъминотидаги, камбағал ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларни аниқлаш ҳамда уларга ягона тартиб асосида ижтимоий хизмат, ёрдам ва имтиёзлар тақдим этиш тизими жорий этилмоқда. Шунингдек, давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига мутаносиб равишда белгиланади. “Тенг имкон — инклюзив бандлик” дастури орқали 40 минг нафар ногиронлиги бўлган шахснинг бандлигини таъминлаш вазифаси ҳам белгиланган.
2026 йил 1 февралдан бошлаб “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва Камбағал оилалар реестри негизида ягона Ижтимоий реестр юритилмоқда. У “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида шакллантирилиб, давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиладиган оилалар ва шахсларни аниқлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолашга хизмат қилади.
Ижтимоий реестрда оилалар “давлат таъминотидаги оила”, “камбағал оила” ва “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифаларига ажратилади. Бунда оиланинг даромади, меҳнатга лаёқатли ёки лаёқатсиз аъзолари мавжудлиги каби мезонлар асос қилиб олинади.
Шунингдек, “камбағал оила” тоифасига киритилган оилалар аъзолари ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатилганда 50 фоиз, “давлат таъминотидаги оила” тоифасига киритилган оилалар аъзоларига эса 75 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади.
Ушбу ислоҳотлар аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш ва фуқаролар учун муносиб ҳаёт шароитини таъминлашга хизмат қилади.
Умида Сапарбаева, Амударё тумани Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶