Намуналиклар “Инсон қадри учун” тамойилини ўз ҳаётларида ҳис этиб яшамоқдалар
Амударё туманидаги Намуна маҳалласида турли миллат вакиллари ўзаро аҳил-иноқликда яшаб, меҳнат қилишади. Яхши ва ёмон кунда бир-бирининг мушкулини осон, оғирини енгил қилиб яшаш, миллий-маънавий анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш, бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатиш ва саховатпешалик намуналикларга бобомерос қадрият ҳисобланади.
Маҳаллада комплекс хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходим Наврўзбек Сафаров ва “Маҳалла еттилиги” аъзоларининг ўзаро ҳамкорлиги натижасида 536 та хонадон таркибидаги 764 оилада истиқомат қилувчи 3048 нафар аҳоли хатловдан ўтказилди. Уйма-уй юриб аҳолининг ҳаёт тарзи кейс-менежмент усулида ўрганилганида 12 тоифадаги фуқаролар 100 хилдан ортиқ ижтимоий хизматга муҳтожлиги аниқланди.
Айниқса, ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бор фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳаёт неъматларидан баҳраманд яшашларини таъминлаш нафақат ижтимоий ходим, балки ҳар бир намуналикнинг инсонийлик бурчига айланган.
Маҳаллада яшовчи ўзгалар парваришига муҳтож, якка-ёлғиз ва ногиронлиги бўлган 1 нафар шахсга ижтимоий ходим Наврўзбек Сафаровнинг саъй-ҳаракатлари, қолаверса, ҳомийликка олиш истагини билдирган намуналик тадбиркорнинг саъй-ҳаракатлари билан ассистент бириктирилиб, зарур ижтимоий хизматлар кўрсатиб келинмоқда.
Ўтган давр мобайнида 8 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга протез-ортопедия мосламалари, реабилитация техник воситалари олиб берилди. 10 нафар ногиронлиги бўлган, лекин ўзига яраша иш билан таъминланиш истагидаги фуқароларнинг имкониятлари ўрганилиб, барқарор даромадли ишларга жалб этилди.
Ўз саломатлигини тиклаш ниятидаги 2 нафар фуқаронинг даволанишлари учун “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан амалий ёрдам кўрсатилди. Яна бир нафар ногиронлиги бўлган бола эса психологик тиббий-педагогик комиссия назоратидан ўтказилиб, инклюзив таълим олиши учун шароит яратиб берилди. Шунингдек, 3 нафар ногиронлиги бўлган ёшларнинг имкониятлари алоҳида ўрганилиб, улар адаптив спорт йўналишига жалб этилди ва мунтазам шуғулланишлари учун шароит яратилди.
Маҳаллада кам таъминланган оилалар тоифасига киритилган 62 та оилага болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинланиб, 33 та оила камбағаллик реестрига киритилди. Айни пайтда ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорликда мазкур оилалар учун индивидуал режалар тузилиб, уларни камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Ижтимоий ходимнинг саъй-ҳаракатлари билан 113 та оилага куз-қиш мавсумини беталофат ўтказишларига кўмаклашиш мақсадида уларнинг коммунал тўловлари учун бир марталик моддий ёрдам ажратилди. 8 та кам таъминланган оилалар фарзандлари мактабгача таълим ташкилотига имтиёзли равишда жойлаштирилди.
Ўтган давр мобайнида тазйиқ ва зўравонликка учраган 12 нафар аёл-қизга ҳимоя ордерлари расмийлаштирилиб, уларга зарур психологик ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди. Маҳалладаги 2 нафар етим болалар ҳамда ота-оналари чет давлатларда меҳнат муҳожирлигида бўлган 7 нафар болаларнинг муаммолари ижобий ечим топди.
Маҳаллада яшовчи Севара Жуманиязованинг оиласи камбағаллик реестрига киритилган, унинг ўзи II гуруҳ ногирони. Унга қараб келаётган турмуш ўртоғи мавсумий ишларга жалб этилиб, фарзандларининг муносиб таълим олишлари учун шароит яратилди ва ушбу оила уйда қараб туриш хизмати билан таъминланди.
Маҳаллада фаолият юритаётган комплекс хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходим Наврўзбек Сафаров “Инсон қадри учун” тамойили асосида самарали фаолият олиб бормоқда. Унинг фаолияти инсон қадр-қиммати ҳамма нарсадан устунлигини амалда намоён этмоқда. Зеро, бу ҳаёт инсонларнинг бахт-у саодатни, бирдамлик ва меҳр-оқибатни, хайр-у саховатни тўлақонли ҳис этиб яшашлари билан гўзалдир.
РОБИЯ ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶