Президент қарори билан тадбиркор хотин-қизлар сафи янада кенгаяди
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаол иштирокини таъминлаш, тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, касб-ҳунар ўрганиши ва олий таълим билан қамраб олишини рағбатлантириш мақсадида тизимли ва мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда аёллар манфаатига қаратилган ислоҳотлар ва қарорлар уларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шу маънода, Президентимизнинг 2025 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори аёллар ҳаётида сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб берди. Мазкур қарор билан хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган аниқ вазифалар, мақсад ва механизмлар белгилаб берилди.
Қарорга мувофиқ, 2025 йилда 2 миллион нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш, 250 минг нафарини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, яна шунча хотин-қизни олий таълимга қамраб олиш, 50 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизни санаторийларда соғломлаштириш ва тадбиркорлик кўникмаларига эга қилиш бўйича мотивацион семинарлар ташкил этиш белгиланди.
Аёлларни тадбиркорликка жалб қилиш ва янги имкониятлар яратиш мақсадида 2025 йил 1 май кунидан “HAMROH” дастури доирасида “яшил лойиҳалар” ва IT соҳасидаги ташаббусларни амалга оширишга грантлар ажратиш йўлга қўйилди. Жумладан, камида 5 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашган “устоз” тадбиркорларга 50 миллион сўмгача грант ажратилади. Шунингдек, ижобий кредит тарихига эга бўлган хотин-қизларга 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит бериш тизими жорий этилди.
Бундан ташқари, “Халқ банки” ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида 2025 йил 1 июлга қадар “Тадбиркор аёллар” платформаси ишга туширилиши белгиланган. Бу платформа орқали хомашё харид қилиш, маҳсулотни бозорга чиқариш, мутахассис топиш ва муаммоларни ҳал этиш имкониятлари яратилади. Платформа тижорат банклари, давлат органлари ва манфаатдор ташкилотлар ўртасидаги ахборот алмашинувини ҳам таъминлайди.
Шунингдек, 2025 йил 1 майдан бошлаб Савдо-саноат палатаси “Ҳамкор тадбиркор” дастурини амалга оширади. Дастур орқали ўз бизнесини бошламоқчи бўлган хотин-қизларга зарур кўникмалар берилади, кооперация асосида фаолиятни йўлга қўйиш ва электрон платформаларда маҳсулот сотишга кўмаклашилади.
Тадбиркорликни ривожлантиришда босқичма-босқич ёндашув ҳам йўлга қўйилган. “Бизнесга илк қадам” босқичида ташаббускор хотин-қизлар аниқланиб, тадбиркорликка ўқитилади. Кейинги босқичларда эса уларнинг кичик бизнес лойиҳаларига кўмаклашилади, молиялаштириш, бозорга чиқиш, бизнес-режа тузиш бўйича кўникмалар берилади ҳамда айланма маблағни 100 миллиард сўмгача ошириш кўзда тутилган.
Амударё туманида ҳам мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Оила ва хотин-қизлар бўлими, маҳалла фаоллари ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши туман прокуратураси томонидан қатъий назоратга олинган.
Туманда бажарилаётган ишларга назар ташласак, Дурунки маҳалласида яшовчи Севара Худойберганова “Аёллар дафтари”нинг II тоифасига — тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар қаторига киритилиб, 30 миллион сўмлик кредит маблағи асосида ўз томорқасида иссиқхона фаолиятини йўлга қўйди ва шу орқали ўзини ўзи банд қилди.
Шунингдек, Олмазор маҳалласидан Дилдора Матсапаева ҳам юқоридаги қарор асосида 30 миллион сўм кредит олиб, тикувчилик фаолиятини бошлади. Ушбу маҳаллада яшовчи Муқаддас Ибодуллаева эса 50 миллион сўм кредит эвазига иссиқхона ташкил этган ҳолда, ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, даромад манбаини яратди.
Таъкидлаш жоизки, юқоридаги қарор билан белгиланган вазифалар жорий йилда аёлларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқади. Бунда давлат ва нодавлат тузилмаларнинг биргаликдаги ҳаракатлари, замонавий молиявий ечимлар, таълим ва психологик қўллаб-қувватлаш каби омиллар аёлларнинг фаол ҳаётга янада кенгроқ жалб этилишига замин яратади. Бу йўлда амалга оширилаётган ишлар хотин-қизлар фаоллигини янада оширишга хизмат қилади.
Шоҳзод Қурбонбоев

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶