"БАРКАМОЛ АВЛОД" БОЛАЛАР МАКТАБИДА "ДОЛЗАРБ 90 КУН" ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Айни пайтда мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун ёзги таътил бошланди. Ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида деярли ҳар йили нафақат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, балки келажак бунёдкорлари бўлган ёш авлод таълим-тарбиясига масъул мутасадди ташкилотлар томонидан ҳам ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътил пайтида мароқли дам олишлари, ақлан ва жисмонан чиниқишлари, маънавий жиҳатдан шаклланишларини ўзида мужассам этган тадбирлар ташкил этилиб, бу тадбирларга деярли барча ўқувчи-ёшлар қамраб олинади.
Жорий йилги ёзги таътил бутун мамлакатимизда янада жўшқинлик ва ҳамжиҳатлик билан бошланди. 2025 йилнинг 15 май санасида мактабгача ва мактаб таълими соҳаси бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган “Долзарб 90 кун” лойиҳасида белгилаб берилган вазифалар соҳа вакилларига ишчанлик кайфиятини бағишлади ва мазкур лойиҳа доирасида бошланиб кетган кўнгилочар тадбирлар энг чекка қишлоқларда ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкиллаштирилган байрам тадбирларининг узвий давоми сифатида Амударё тумани “Баркамол авлод” болалар мактаби маъмурияти томонидан “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган тадбирлар режасига кўра, май ойининг сўнгги ҳафтасида “Баркамол авлод болалар ҳафталиги” бўлиб ўтди.
Мазкур ҳафталикнинг якуний қисми сифатида жорий йилнинг 2 июнь санасида 2024-2025 ўқув йили сарҳисобига бағишланган “Қувончга тўлдирайлик болаликни!” шиори остида тантанали адабий-мусиқий байрам тадбири ўтказилди.
Байрам тадбирида туман “Баркамол авлод” болалар мактаби ва Олмазор маҳалласи масъуллари, тарбиячи-педагоглар, ўқувчиларнинг ота-оналари ва тўгараклар раҳбарлари иштирок этдилар.
Манғит шаҳридаги истироҳат боғида ташкил этилган тадбирда туман “Баркамол авлод” болалар мактаби ўқувчиларининг 2024-2025 ўқув йили давомида эришган ютуқлари, мактабда фаолият олиб борувчи турли йўналишлардаги тўгараклар аъзоларининг ахборот технологиялари ва робототехникага оид билим ва изланишлари тадбир иштирокчиларига ўзгача руҳ ва кўтаринки кайфият бағишлади. Ота-оналар эса ўз фарзандларининг қобилият ва иқтидорларидан мамнун бўлдилар.
Тадбирда сўзга чиққан туман “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Хонимжон Ражабова 2024-2025 ўқув йилида мактаб ўқувчилари томонидан турли кўрик-танловларда, спорт мусобақаларида эришилган ютуқлар ва келгусидаги режалар ҳақида сўз юритиб, иштирокчиларни ўқув йилининг муваффақиятли якуни ва 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан самимий табриклади ҳамда фарзандларининг келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир ота-онани “Баркамол авлод” болалар мактабида ташкил этилган ва болаларни интеллектуал ривожлантиришга қаратилган тўгараклар фаолияти билан яқиндан танишишга, фарзандларининг қобилиятларини янада ривожлантириш мақсадида мактаб билан доимий алоқада бўлишга даъват этди.
Шундан сўнг 2024-2025 ўқув йилида мактабдаги машғулотларини турли йўналишлар бўйича тўлиқ тамомлаган 677 нафар тўгарак аъзоларига мактабни битирганлик ҳақидаги гувоҳномалар тантанали равишда топширилди. Ўқув йили давомида фарзандларининг тўгараклар машғулотларида қатнашишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берган энг фаол ота-оналардан бир гуруҳига “Ташаккурнома”лар топширилди.
Тадбирда сўзга чиққан Олмазор маҳалласи масъулларидан Ўрозгул Якубова ҳамда бошқалар “Баркамол авлод” болалар мактаби ўқувчилари орасида халқаро миқёсдаги кўрик-танловлар ғолиблари ҳам борлигини, мактабда таълим-тарбия ишлари намунали даражада ташкил этилганини алоҳида эътироф этишиб, тўгараклар раҳбарларига ва педагогларга чин дилдан миннатдорчилик билдирдилар.
“Қувончга тўлдирайлик болаликни!” эзгу шиори остида, “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбир давомида мактабнинг “Шўх болалар” жамоаси томонидан тақдим этилган концерт дастури иштирокчиларга завқ-шавқ бағишлади.
Ҳақиқатдан ҳам бири-биридан шўх болалар ижросидаги куй-қўшиқлар, гўзал куйлар ва дилбар рақслар тадбирга янада жўшқинлик, қалбларга қувонч улашди.
РОБИЯ ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶