АҲИЛ ВА ИНТИЛУВЧАН ПЕДАГОГИКА ЖАМОАСИ
Инсон умрининг энг азиз, шу билан бирга ўта муҳим дамлари мактаб ҳаёти билан боғлиқ. Чунки мактаб таълим-тарбияси жараёни унинг хулқини мукаммаллаштиради, шахс сифатида шаклланиши учун имкон яратади. Шунинг учун ҳаётда юксак обрў-эътибор қозониб, халқ ҳурматига сазовор бўлган инсонлар ҳақида гап кетганида, энг аввало, у ўқиган муқаддас даргоҳ—мактаб ва таълим-тарбия берган устозлари тилга олинади. Агар таъбир жоиз бўлса, собиқ 8-сонли махсус иқтидорли болалар лицей-интернати негизида ташкил этилган Амударё туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 87-сонли умумтаълим мактабининг собиқ ўқувчилари орасида ҳам эл-юрт эътиборини қозонган фидойи инсонлар талайгина. Улар орасида ишбилармон тадбиркорлар, мамлакатимиздаги нуфузли ОТМлар педагог-олимлари, хорижий ишбилармонлар билан ҳамкорликдаги корхоналар раҳбарлари, шифокорлар ва таълим тизими раҳбар ходимлари, таниқли ҳуқуқшунослар бор.
Ташқи кўринишидан оддий ва камтарингина кўринган мазкур мактаб биноси 1989 йилда мактабгача таълим муассасаси сифатида бунёд этилган ва 1993 йилда мактаб таълими учун мослаштирилиб, бир неча йил давомида 8-сонли махсус иқтидорли болалар лицей-интернати сифатида фаолият олиб борган. Ҳудуди салкам 1 гектарга яқин бўлган муассаса 2007 йилда давлат дастури асосида жорий таъмирланиб, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун маълум даражада таълимий шароитлар яратилган. 300 ўқувчи ўрнига мўлжалланган мактабда айни пайтда 233 нафар ёшлар таълим-тарбия олишади. 2021 йилдан бошлаб ўзаро аҳил ва бири-бирига ҳамкор педагогика жамоасига Самад Джаллаев раҳбарлик қилиб келмоқда.
Ўқув ишлари бир навбат асосида олиб бориладиган муассасада 28 нафар олий маълумотли, ўз касбининг билимдонлари бўлган ўқитувчилар фаолият юритишади. Улардан 3 нафари олий, 7 нафари 1- ва 8 нафари 2-тоифага эга педагоглар бўлиб, 5 нафар ўқитувчи халқаро ва миллий даражадаги сертификат соҳибларидир.
Ўтган 2023-2024 ўқув йилида мактабнинг 11-синфини 20 нафар ўқувчи битириб, уларнинг 18 нафари мамлакатимиздаги нуфузли ОТМларга ўқишга қабул қилиндилар ва битирувчиларнинг ОТМларга кириш кўрсаткичи 90 фоизни ташкил этди. Мактабдаги мавжуд 12 та синф хонасидан фақат биттаси махсус информатика фани хонаси бўлиб, 12 та компьютер билан жиҳозланган ва тўлиқ интернет тармоғига уланган.
– Шароитларимиз жуда замонавий кўринишда бўлмаса-да, ўқитувчилар дарсларни қизиқарли тарзда олиб боришади, – дейди мактаб директори Самад Джаллаев. – Ўқувчиларимиз ҳам интилувчан, фаол.
Дарвоқе, мактабда махсус фан хоналари (информатика фанидан ташқари) йўқ ҳисоби. Физика, кимё, биология, меҳнат дарсларини фан ўқитувчилари ўз ташаббуслари билан қизиқарли тарзда ўтказишга ҳаракат қилишади ва ўқувчиларнинг назарий билимларини бойитиш мақсадида уларни “ZiyoNet” интернет тармоғи орқали амалий тажрибалар жараёни билан таништириб боришади. Шу билан бирга ушбу фанлар бўйича ташкил этилган тўгараклар фаолиятига алоҳида эътибор қаратишади.
Мактабда замонавий спорт зали, фаоллар зали, ошхонанинг йўқлиги, кутубхонанинг таъмирталаб ҳолатдалиги доимий ва жиддий муаммо бўлишига қарамай, педагогика жамоаси ҳам, ўқувчилар ҳам таълим-тарбия соҳасида юқори натижаларга эришаётган мактаблардан қолишмаслик мақсадида ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилаётганларидан, мукаммал шароитлар мавжуд бўлмаган вазиятда ҳам яхши натижаларга эришаётганларидан мамнунликларини яширишмайди.
87-сонли мактабнинг билимдон ва ташаббускор ўқитувчилари таҳсилини олган собиқ зукко ўқувчилар бугунги кунда жамиятда юксак мавқега эга инсонлар бўлиб етишдилар. Бугунги кунда улардан Нурбек Дарвишев Тошкент Инвестиция фондининг хорижий компаниясида, Дилмурод Рустамов БМТнинг Соғликни сақлаш ташкилотида, Улуғбек Худойберганов, Моҳира Эшмуродова, Улуғбек Пўлатовлар Ички ишлар соҳасида, Отабек Ешчанов Болгариянинг “PRIMA TEXTIL” компаниясига қарашли корхона раҳбари вазифасида фаолият юритишмоқда.
Шунингдек, мактабнинг собиқ битирувчиси Равшан Тўраев Нукус Тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлими раҳбари, Асадбек Йўлдошев Амударё туманидаги “Advance” ўқув маркази директори, Ботиржон Султонов Ўзбекистон олий Ҳарбий авиация билим юрти катта ўқитувчиси, Нурбек Йўлдошев ва Даврон Рўзметовлар умумтаълим мактаби директорлари, Нилуфар Жуманиёзова ҳамда Жаҳонгир Рўзметовлар адвокат... Бу рўйхат жуда узун. “Мен 87-сонли мактабда ўқиганман”, дея фахрланиб юргувчилар бисёр.
– Шароитлари замон талаблари даражасида бўлган мактаблардан қолишмаслик учун интиламиз, – дейишади мактаб ўқитувчилари самимият билан.
Мактаб педагогика жамоасининг 2024-2025 ўқув йилидаги режалари, орзу-ниятлари янада эзгу: мазкур ўқув йилида битирувчиларнинг ОТМларга кириш кўрсаткичини юз фоизга етказишга эришиш. Бунинг учун, гарчи мактабда замонавий шарт-шароитлар бўлмаса-да, ўқитувчиларда ҳам, ўқувчиларда ҳам кучли интилиш, иштиёқ бор. Интилиш ва иштиёқ бор жойда эзгу орзулар рўёби учун имкониятлар сари йўл очилади. Биз ишчан ва ташаббускор, аҳил педагогика жамоасига бу борада муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз!
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶