“Депутатлар боғи”га илк кўчатлар экилди
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан бутун мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Амударё туманида ҳам оммавий тарзда дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали республикада яшил майдонлар кўламини кўпайтириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасидаги хайрли ишда Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Яқинда депутатлар ташаббуси билан Ойбек маҳалласи ҳудудида “Депутатлар боғи” ташкил этилди ва боғ ҳудудига илк кўчатлар экилди. Ушбу хайрли тадбирда Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, кенгаш котибияти, сиёсий партиялар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Маҳалла ҳудудида “Депутатлар боғи” учун ажратилган 4 гектар майдонга тур хил мевали дарахтлар кўчатлари экилди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, табиат ва экология ифлосланиши борасида келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030-йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси”, 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги фармони ҳамда 2023 йил 23 ноябрдаги “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони бу борадаги ишларда муҳим дастуруламал бўлмоқда.
Шуни унутмаслик керакки, табиатни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. “Яшил макон” лойиҳаси айнан биз нафас олаётган ҳаво мусаффолигини таъминлашда долзарб аҳамият касб этади. Яшил ҳудудларни кенгайтириш орқали нафақат экология ва табиатни асраймиз, балки ўзимиз, оила аъзоларимиз ва яқинларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшган бўламиз.
Аҳоли яшаш пунктларида дарахтлар экиш, яшилликни яратиш ва янгилаш муҳим жараёндир. Боиси, дарахтлар ҳаводаги зарарли карбонат ангидрид газини ютиб, кислород ишлаб чиқаради ва бизнинг нафас олишимизга ёрдам беради. Улар иссиқда салқинлик беради, атроф-муҳитни шовқинлардан ҳимоя қилади.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси боғ-у роғларни барпо қилишда муҳимдир. Сабаби, ўзи яшаётган маконни яшилликка буркаш, боғ-у бўстонлар, гулзор-у гулистонлар барпо қилиш инсон ҳаётини боқийликка дахлдор қилади. Халқимиз: “Яхшидан боғ қолади”, дея бежиз таъкидламаган. Халқ депутатлари Амударё туман кенгаши депутатлари ҳам ушбу нақлга амал қилиб, “Депутатлар боғи”ни ташкил этишда фаол бўлдилар ҳамда улуғ кунларда эзгу ниятлар билан ерга кўчат ўтқаздилар.
Азиз юртдошлар! “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этиш ватанпарварлик, элпарварлик ва саховат намунаси эканини унутманг! Юрт равнақи, мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги, авлодлар саодати йўлидаги эзгу, хайрли амалга ҳар биримиз ҳисса қўшайлик!
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶