48-сонли МТТда сумалак сайли бўлиб ўтди
Юртимизда Наврўзи олам шукуҳи кезиб юрган паллаларда халқимиз миллий анъаналаримизга кўра, сумалак сайлларини ўтказишади. Сумалак тайёрлаш давомида буғдойни ундиришдан тортиб, то сумалак дастурхонларга етиб боргунича бўлган жараённи меҳмондўст ва танти халқимиз “сумалак тўйи”га айлантириб юборишади. Сабаби, қўшнисининг ўчоғидан чиққан тутунни кўрган ҳар ўзбек борки, қўшнисидан хабар олиб, ёрдамлашишга, хайрли ишга ҳисса қўшишга ошиқади. Сумалак пишаётган қозон атрофида маҳалла аҳли жамулжам бўлиб, галдаги баҳорга эсон-омон етказгани учун Яратганга шукроналар айтиб, юртимиз тинчлигини сўраб дуога қўл очишади. Ҳа, Наврўзи олам мана шундай сумалакли тадбирлари билан гўзал. Заминга тириклик, уйғониш, ризқ-у рўз олиб келгани учун ҳам қадрли!
Ушбу миллий таом нафақат қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар иштирокида, балки юртимиз бўйлаб барча идора ва ташкилотлар, массаларда фаолият кўрсатиб келаётган ҳамкасблар, катта-кичик давраларда ҳам зўр иштиёқ, байрамона руҳ ила тайёрланади. Бу эса, меҳнат жамоаси ўртасидаги меҳр-оқибатни, дўстона яқинликни янада мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, ҳамкасбларнинг ишдан ортиб, маънавий ҳордиқ олишига ҳам ҳисса қўшади.
Ана шундай сумалак сайлларидан бири яқинда туманимизнинг Холимбег овулида жойлашган 48-сонли мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлиб ўтди. Ташкилот ходимлари эрта тонгдан боғча биносида жамулжам бўлиб, сумалак тайёрлашга киришдилар. Ташкилот раҳбари Хосият Қурбанбаева бошчилигида ташкил қилинган сумалак сайлида муассаса ходимлари Азиза Ражабова, Муҳаббат Жумамуродова, Зулфия Атабаева, Юлдуз Исмаилова, Муҳаббат Эшимбетова, Тўлғаной Бобожонова, Замира Манглиева, Моҳира Тўраевалар иштирок этдилар.
Маънавий ҳордиқ олиш, миллий қадриятларимизни тарғиб қилиш ва жамоадаги ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил қилинган сумалакда байрамона тилаклар айтилиб, эзгу ниятлар ила капгир айлантирилди.
Тадбир давомида ташкилот ишчи ходимлари томонидан аккордеон ва доираларда мусиқалар чалиниб, жараён рақс, куй-қўшиқлар, ўйин-кулгилар билан давом этди. Сумалак ана шундай ўйин-кулгилари билан янада эсда қоларли ўтди.
Тайёр ҳолга келган миллий таом ҳамкасблар томонидан татиб кўрилиб, ташкилот тарбияланувчиларига ҳам улашилди.
Маълумот учун, 48-сонли мактабгача таълим ташкилоти 2019 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, 75 ўринга мўлжалланган. Ҳозирги кунда 90 нафар болажонлар ушбу масканда тарбияланмоқда. Шунингдек, ташкилотда 21 нафар ходим фаолият юритиб келмоқда.
Маълумотларга кўра, сумалак қадимдан, айрим маълумотларга кўра 3000 йилдан бери, баҳорни кутиб олиш, деҳқончилик ишларининг бошланиши арафасида тайёрлаб келинади. XX асрнинг 90-йилларидан бошлаб, ушбу шоҳона таомни пишириш Наврўз байрамида, айниқса, аёллар ўртасида катта тантана билан ўтказила бошланган.
Дарҳақиқат, сумалак узоқ тарихга эга миллий таом ҳисобланиб, у ҳақида турли хил ривоят ва афсоналар юради. Неча-неча асрлар ўтса-да, бизгача етиб келган бу таомни ҳамда унинг тайёрланиш жараёнидаги ўзига хос қадриятларни биз ҳам авлодларга бус-бутунлигича етказиш ҳар биримиз учун муҳим вазифадир. Албатта, бунда юқорида қайд этилган сумалак сайлларининг ўрни беқиёс.
Азиза Мадраҳимова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶